Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон” давлат қўриқхонаси қўшни Туркманистоннинг “Койтендаг” қўриқхонаси билан ҳудуддаги ўсимликларни авайлаб-асраш ва ҳайвонларни муҳофаза қилишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйди.

Ҳайвонот ва наботот оламига бой икки қўриқхона пурвиқор “Кўҳитанг” тоғ тизмасининг икки ён бағрида жойлашган.  

“Кўҳитанг” тоғ тизмасининг қўшни Туркманистон тарафдаги ғарбий ён бағрида денгиз сатҳидан 850-3 минг 137 метр баландликдаги “Койтендаг” қўриқхонасининг майдони 27 минг 140 гектарни ташкил этади. Қўриқхона ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бой. Паррандаларнинг ҳам 140 дан зиёд турини учратиш мумкин. Динозавр излари, ноёб ғорлари бор.  

“Кўҳитанг” тоғининг шарқий ён бағридаги “Сурхон” давлат қўриқхонасининг майдони 23 минг 802 гектардан иборат. Денгиз сатҳидан 3 минг 137 метр бўлган Айрибобо чўққиси қўриқхонанинг энг баланд нуқтаси. 190 дан ортиқ ҳайвонот ва 800 дан зиёд ўсимлик турини учратиш мумкин. Милоддан аввалги 12-7 минг йилларда Зараутсой дарасида қоя тошларга чизилган суратлари билан ҳам танилган. Ҳайвонларнинг 25 тури Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган.  

Мамлакатимизда кейинги йилларда очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга, барча қўшни давлатлар билан яқин қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам Марказий Осиё минтақасида турли устувор йўналишлар, айниқса, экология ва табиатни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, транспорт-коммуникация инфратузилмаларини янада ривожлантириш бўйича яқин ҳамкорликни кучайтириш вазифалари белгилаб олинган.  

Туркманистонлик табиат жонкуярлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани икки қардош халқ ўртасидаги азалий дўстлик ришталари янги босқичда ривожланаётганига яққол далилдир. Табиати бир-бирига жуда ўхшаш икки қўриқхона ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланаётгани ҳудудларда ҳайвонот дунёси турлари популяциясини муҳофаза қилиш ва морхўр, Бухоро тоғ қўйи, силовсин сингари ҳайвон турларини кўпайтириш, уларнинг қулай ҳамда хавфсиз миграция зонасини ташкил этиш, қўриқхоналар ўртасида кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар миграциясини аниқлаб, шу йўл орқали муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш, ноёб ҳайвон турларининг популяцияси бўйича хабардор қилиб боришда муҳим аҳамият касб этади.  

– Ўтган йили қўриқхонамизда яна бир янгиликка қўл урилди, – дейди “Сурхон” давлат қўриқхонаси директори Рустам Турдиев. – Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Глобал экологик жамғарма ва БМТ Тараққиёт Дастури “Глобал аҳамиятга эга бўлган биохилма-хилликни муҳофаза қилиш мақсадида муҳим тоғли ҳудудларда ўрмонлардан ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва бошқариш” қўшма лойиҳаси, Критик экотизимлар бўйича ҳамкорлик жамғармаси (ЦЕПФ) амалга ошираётган “Туркманистон ва Ўзбекистон қўриқхоналари ўртасидаги алоқа ва салоҳиятни яхшилаш” лойиҳаси доирасида смарт патруль тизимини жорий этиш бошланди. Бу фазовий мониторинг ва ҳисобот воситаси қўриқлаш тизими бўлиб, глобал хилма-хиллик муҳим бўлган тоғли ҳудудлардаги табиий ресурслар ва ўрмон хўжаликларидан барқарор фойдаланиш учун хавфсизлик ҳамда мониторинг соҳаларида қўлланиладиган замонавий технологияларни ўз ичига олади. Тезкор жавоб бериш имкониятини оширади. Ҳодисалар содир бўлганида тезда чора кўришга ёрдам беради. Реал вақт режимида ҳудудларни мониторинг қилиб, барча ҳаракат ва ҳодисаларни кузатиб боради. Тизим турли манбалардан маълумот тўплашга қодир бўлиб, ҳудудда хавфсизликни ошириш ва ноёб ҳайвон турларининг популяцияси учун муҳим ҳисобланади.  

Мутахассисларнинг яна айтишича, смарт патруль йиғилган маълумотларни таҳлил қилиб, хавф-хатарларни аниқлаш ва олдини олиш стратегияларини ишлаб чиқишга кўмаклашади. У бошқа хавфсизлик ечимлари билан интеграция қилиниши, видео кузатув тизимлари билан бирга ишлаши мумкин. Тизим орқали олинган маълумотлар режалаштиришни яхшилаш ва фавқулодда вазиятларга тайёрлик даражасини ошириш имконини беради. Хавфсизлик ишларини автоматлаштириш орқали инсон ресурсларини янада самарали ишлатишда муҳим омил бўлади. Қўриқхона ходимларининг иш самарадорлигини оширади.  

Ўтган йил Фанлар академияси зоология институти, Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари, Кенг кўламли ландшафтларни муҳофаза қилиш маркази ва лойиҳанинг хорижлик мутахассислари, икки қўшни қўриқхона ходимлари иштирокида смарт патруль тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган семинар машғулотлари ҳам ўтказилди. Экспертлар смарт патруль қўриқлаш тизимининг юритилишини таҳлил қилиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ўзбек ва туркман қўриқхоналарининг экологик узвийлик муҳофазаси юзасидан бошланган ҳаракатларни муҳокама этди. Янги йил арафасидаги учрашувда ҳамкорлар “Сурхон” давлат қўриқхонасининг флора ва фауна олами, табиати, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳити, қўриқхона ходимларининг иш жараёнлари билан танишди. Икки қўриқхона чегара ҳудуди орқали кўчиб юрувчи ёввойи жониворларни муҳофаза қилиб, сонини аниқлаш, популяцияси барқарор бўлишига тўсиқ бўлаётган омилларни ўрганиб, бартараф этиш масалаларини муҳокама этди.  

– “Кўҳитанг” тоғ тизмасининг кун чиқар тарафи Ўзбекистонга, кун ботар тарафи Туркманистон қўриқхонасига тегишли, – дейди “Койтендаг” қўриқхонаси директори ўринбосари Шониёз Менглиев. – Шу сабабли икки қўриқхонанинг ҳайвонот ва наботот олами бир-бирига жуда ўхшайди. Морхўр яъни, Бурама шохли эчки дунё бўйлаб камайиб бормоқда. Бурама шохли эчки бизда ҳам, сизлардагидек “Қизил қитоби”мизга киритилган. Ҳамкорлигимиз ўсимликларни авайлаб-асраш ва ҳайвонларни муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади. Айнан Бурама шохли эчки ва Бухоро тоғ қўйини ҳимоя қилиш, уларнинг миграциясини кузатиш ишларини келишиб олдик. Бурама шохли эчкини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш учун экспедиция ташкил этдик. Сафаримиз чоғида қўриқхонада амалга оширилаётган ишларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Сизларда қиш совуғида ёввойи ҳайвонларга озуқа берилар экан. Бу ҳам ҳайвонларни асрашда яхши самара беради.  

Маълумотларга кўра, айни пайтда “Сурхон” давлат қўриқхонасидан қўшни мамлакатга Морхўр, Бухоро тоғ қўйи, Болтаютар, Тасқара, Жўрчи, Бургут каби жонивор ва паррандаларнинг миграцияси аниқланган. Туркманистоннинг “Койтендаг” қўриқхонаси билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани ёввойи жониворларни муҳофаза қилиб, кўпайтиришга хизмат қилади.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек ва туркман табиат жонкуярлари Морхўрни ЮНЕСКО рўйхатига киритмоқчи