
Мамлакатимизда юқумли касалликлар, шу жумладан, сил касаллигининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу соҳанинг моддий-техник таъминоти яхшиланиб, тиббиёт муассасалари замонавий технологиялар билан таъминланмоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда силни даволаш самарадорлиги кейинги йилларда 90 фоизга етказилиб, касалланиш даражаси 1,5-2 бараварга, ўлим ҳолатлари 6-8 бараварга камайган.

Амалга оширилаётган ишларга қарамай, фуқароларимиз ҳали ҳам сил касаллигига чалинаётгани ушбу соҳада айрим камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди. Аҳолини сил касаллигидан ҳимоя қилишни янада кучайтириш масаласи муҳокама қилинди.
Аҳолини сил касаллигидан асрашга қаратилган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш талаб этилиши қайд этилди.
Шу мақсадда қўмита томонидан сил касаллигининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш бўйича қонунчилик таклифини тайёрлаш учун масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Қўмита мажлисида ишчи гуруҳ томонидан аҳолини сил касаллигидан ҳимоя қилишни янада кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган “йўл харитаси” ҳам муҳокама қилинди. Унга кўра, аҳолини сил касаллигидан ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар инвентаризациядан ўтказилади, аҳолини сил касаллигидан сақлаш бўйича мавжуд муаммолар ўрганилади ва уларнинг юзага келиш сабаблари таҳлил қилинади.
Таҳлил натижаларига кўра ва халқаро тажрибани ўрганган ҳолда аҳолини сил касаллигидан асрашга қаратилган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилади.
Сенаторлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари, мутахассис ва экспертлар, вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА