
Бугун мамлакатимиз маданияти ва санъатини юксалтириш, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишда катта ҳисса қўшган бир гуруҳ истеъдодли ижодкорлар “Янги Ўзбекистон юлдузлари” миллий мукофоти билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда, ижодий фаолиятида эришган ютуқларни инобатга олиб, номзодларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш “Янги Ўзбекистон юлдузлари”маданият ва санъат миллий мукофоти комиссияси томонидан амалга оширилди.
[gallery-21623]
Тақдирлаш маросими ҳар йилгидан кўра, ўзгача руҳ ва форматда ўтказилди. Мукофотга театр, цирк, мусиқа санъатининг эстрада, анъанавий, академик, фольклор, бастакорлик, композиторлик, рақс ҳамда тасвирий ва амалий санъат, бадиий ижод ва бошқа йўналишларда фаолият юритаётган соҳа вакилларидан номзодлар кўрсатилиб, 20 нафари тақдирланди.
Мукофотга сазовор бўлган ижодкорлар махсус статуэтка, сертификат ва пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.
Эслатиб ўтамиз, “Янги Ўзбекистон юлдузлари” маданият ва санъат миллий мукофоти ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими юртимизда учинчи маротаба ўтказилди.
Беҳруз Худойбердиев, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА