Тошкентда “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ойлиги ўтказилмоқда. Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Тошкент филиалида ўтказилган “Ёшлар жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши” мавзусидаги давра суҳбати ҳам мазкур ойлик доирасида ташкил этилди.
Тадбирда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали катта мутахассиси, олий тоифали врач-нарколог Наргиза Бабажанова, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьялари Жаъфар Қурбонов, Фарҳод Абдушукуров, Ўктам Қаҳҳоров, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими майор Аббосбек Билолов, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ходими подполковник Бахтиёр Ҳамидов, Чилонзор тумани ИИО ФМБ Ахборот технологиялар соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходими Ўткирхўжа Икромхўжаев иштирок этди.
Иштирокчилар томонидан ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, жумладан, талаба-ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни зарарли одатлардан ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича маърузалар қилинди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳалларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг мазмун-моҳияти талабаларга тушунтирилди.
Давра суҳбатида гиёҳванд моддалар истеъмолининг жисмоний ва руҳий соғлиққа салбий таъсири, жамиятга келтираётган зарарли оқибатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу иллатнинг олдини олиш йўллари ва унга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилди. Ҳуқуқбузарликларни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммолар ижтимоий профилактика чоралар тизими орқали ҳал этиляпти. Маҳалла ва таълим муассасаларида содир этиладиган қонунбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини янада ошириш долзарб масалалардан биридир.
Давра суҳбати давомида психоактив моддалар истеъмоли, уларнинг инсон организмига зарарли таъсири, гиёҳвандлик ва алькоголизмнинг ривожланиш сабаблари, олдини олиш чоралари ҳақида маълумот берилди. Мутахассислар томонидан замонавий илмий тадқиқотларга асосланган ҳолда наркотик моддалар қарамлигининг психологик ва биологик механизмлари тушунтирилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, стресс ва депрессияга қарши курашиш усуллари бўйича тавсиялар берилди.
– Ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан биридир, – дейди профилактика катта инспектори, подполковник Ўктам Холиқов. – Зеро, қонунларга риоя қилиш жамият тараққиётининг асосий шартларидан бири. Бу каби тадбирлар ёшларни ноқонуний ҳаракатлардан огоҳлантириш, ҳуқуқбузарликнинг жазоси ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга хизмат қилади. Қолаверса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни зарарли одатлардан ҳимоя қилиш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашади.
Давра суҳбатида кибержиноятлар, интернет хавфсизлиги ва ахборот технологиялари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳам сўз борди. Ҳар бир фуқаронинг интернетда ҳушёрлиги ва масъулияти кибержиноятларга қарши самарали курашда энг катта аҳамият касб этиши таъкидланди. Талабаларни қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди. Шунингдек, талабаларга гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича тарғибот материаллари тақдим этилди.
Гўзал Сатторова,
ЎзА мухбири