Янги лойиҳа! — Мувозанат
“Инсон ўз фаолияти билан табиат устидан ҳукмрон, аммо мақсадлари у билан муштарак бўлмаса, инсон ҳалок бўлади”.
Буюклардан бири Георг Гегелнинг ушбу афоризм сўзлари инсон ва табиат муносабатлари ҳақида.
Дарҳақиқат, сир эмаски, бугун бутун Ер юзида турли экологик муаммолар бўй кўрсатиб, глобал тус олмоқда. Иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, сув ресурсларининг камайиб бораётгани каби ўткир экологик муаммолар инсониятни ташвишга солмоқда.
Бу каби экологик масалалар, афсуски, бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Ўзбекистонда ҳам бу борада муаммолар етарлича. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш, юмшатиш, нисбатан бўлса-да, салбий таъсирини камайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жорий 2025 йил ҳам айнан “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб номлангани бежиз эмас.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида янги — “Мувозанат” деб номланган лойиҳа йўлга қўйилмоқда. Мазкур лойиҳада инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши оқибатида юзага келаётган турли экологик муаммолар ҳақида соҳа мутахассислари, олимлар, экофаоллар билан суҳбатлар ташкил этиб борилади.
Лойиҳамизнинг бугунги илк сонига Халқаро экология фанлари ва ҳаёт хавфсизлиги Академиясининг академиги, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, техника фанлари бўйича фалсафа доктори, профессор Борий Ботирович Алихоновни таклиф қилганмиз.
— Борий Ботирович, бир суҳбатингизда “Табиатнинг ўзи буюк бир асар, фақат уни тушуниш керак”, деган экансиз. Ҳақиқатан ҳам табиат ва инсон ўзаро боғлиқ хилқат. Инсон ва табиат ўртасидаги мувозанат деганда нимани тушунишимиз керак, бу мувозанатнинг бузилиши сабаблари нимада?
— Ҳақиқатан ҳам табиатнинг ўзи буюк, ягона асар, унинг ҳар бир саҳифаси олтинга тенг. Бугун кўплаб экологик муаммолар — иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг камайиши, ўрмонларнинг кесилиши, чўлланиш каби глобал масалалар инсонни жумбушга келтиради.
Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, Ернинг геологик ёши 4,5 миллиард йилга тенг ва Ер юзида биринчи оддий организмлар 2 миллиард йил аввал вужудга келган. Биринчи инсон эса яъни, ҳомо-сапиенс 200 минг йил аввал пайдо бўлган, деган илмий нуқтаи назарлар мавжуд. Ердаги 2 миллионга яқин биологик турларнинг биттаси инсон. Мана шу ўтган даврда инсон табиат билан уйғунликда яшашга ҳаракат қилиб келган.
Аммо ўтган асрнинг 50-60 йилларида инсониятнинг атроф-муҳитга, табиатга таъсири шунчалик даражага бориб етдики, инсоннинг табиатга келтираётган зарари бошқа биологик турларнинг зараридан бир неча минг баробар кўпайиб кетди.
Рақамларга тўхталсак: сўнгги 60 йил ичида дунё аҳолисининг сони 3 баробар ошди. Аммо шу даврда транспорт воситалари 12 баробарга (дунёда 1 млрд. 200 миллиондан ортиқ), электр станцияларининг ишга туширилган қуввати 22 баробарга, пўлат эритиш қарийб 5 баробарга, буғдой етиштириш 5,6, кўмир қазиб олиш 4,2, қоғоз ишлаб чиқариш 5,6 баробарга кўпайиб кетди. Яъни, инсон ўз эҳтиёжларини қондириш учун табиатдан каррасига кўпроқ оладиган бўлди. Лекин табиат ресурсларининг чегараси бор, унинг қайтиб бўлмас даражага етишини инсоният ўйламади.
Масалан, 1 йилда 13 миллион гектар ўрмон йўқ бўлиб кетяпти. Амазония ўрмонлари сўнгги 40 йилда 21 фоизга қисқарди. Тасаввур қилинг, инсоннинг танаси 21 фоизга қисқарса, қандай аҳволга тушади!? Ёки балиқ захираларини оладиган бўлсак, бундан 50-60 йил аввал уммонлардан 18 миллион тонна балиқ овланган бўлса, ҳозирга келиб бу рақам 135 миллион тоннага етди. 75 фоиз балиқ захиралари буткул йўқолиб кетди ёки йўқолиб кетиш арафасида.
Умуман, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш ташкилотининг рўйхатига кўра, сўнгги 500 йил давомида 63 минг 812 та ҳар хил турдаги ҳайвонлар ноёб ёки йўқолиб кетиш арафасида ёки буткул йўқолиб кетган. Масалан, Турон йўлбарси, Осиё қоплони, Австралиядаги халтасимон бўри буткул йўқолиб кетди. Экология чегара билмайди.
Сув ресурсларини оладиган бўлсак, дунёдаги жами сувларнинг фақатгина 3 фоизи чучук, тоза сув ҳисобланади. Шу 3 фоизнинг 0,7 фоизигина инсоннинг фойдалана олиши мумкин бўлган қисми холос. Қолганлари музликлар, булутлар ҳиссасига тўғри келади. Ер юзида 2 миллиардга яқин аҳоли тоза ичимлик сувига эга эмас. Шу тарзда кетадиган бўлса, 2040-2050 йилларга бориб, бу рақам 2,5 миллиардга етиши мумкин.
Сувнинг ҳаётимиздаги аҳамияти қанчалик эканлигини қуйидагиларда кўришимиз мумкин: 1 кг картошка етиштириш учун 100 литр сув, 1 кг гуруч етиштириш учун 4 минг л, 1 кг мол гўштини етиштириш учун 11 минг литр сув сарфланади. Бутун дунёда чучук сувларнинг 70 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади.
Ер ресурсларини гапирадиган бўлсак, ҳозирги кунда 2 миллиард гектар ҳосилдор ер сув муаммоси, шўрланиш, нотўғри агротехнологиялар ва пестицидлар оқибатида деградацияга учраган. Дунёда 550 миллион аҳоли чўлларда яшайди. Ўзбекистонда ҳам ҳар дақиқада 10 квадрат метр ер чўлга айланмоқда. Бу бир томондан инсоннинг таъсири бўлса, иккинчи томондан иқлим ўзгариши оқибатида юзага келмоқда.
Иқлим ўзгариши ҳам антропоген — инсон омили туфайли юзага келмоқда. Яъни, иссиқлик газларининг ҳавога кўтарилиши ва Ер атрофида қобиқ сингари йиғилиб, иссиқхона (парник) эффектини юзага келтирмоқда. Иссиқлик газлари — бу карбонад ангидрид, транспорт воситалари ва саноат корхоналаридан чиқаётган ис гази ҳамда метан (бошқа ис газларига нисбатан салбий таъсири 20 баробар кўпроқ) ҳисобланади. Кўтарилаётган газларнинг Ер атрофида йиғилиб қолиши оқибатида Ер шарининг ҳарорати ошиб бормоқда. Оқибатда музликларнинг эриши тезлашяпти.
Ўзбек халқимизда яхши гап бор: шохига урсанг, туёғи зирқирайди. Худди шу каби экологик муаммолар ҳам занжир сингари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Занжирнинг бир бўғинига тегинилса, бошқа қисмига ҳам албатта, таъсир қилади.
— Ҳақиқатан ҳам инсониятнинг номақбул ҳаракатлари қанчадан-қанча экологик муаммоларни юзага келтиряпти. Инсон ва табиат ўртасидаги ўзаро мувозанатни сақлаш учун инсоният нима қилиши керак?
— Биринчи навбатда ҳар бир инсон ўз маънавиятини, экологик маданиятини шакллантириши керак. Азал-азалдан халқимизнинг миллий қадриятларида, тарбиясида табиатга бўлган эҳтиром бор эди. “Сувга тупурма, дарахтни синдирма, жониворларга озор берма”, деган гапларни тез-тез эшитардик. Афсуски, бу каби қадриятларимизни, ота-боболаримиздан қолган меросни авлодларимизга етарли даражада етказиб беролмадик.
Бобокалонимиз Берунийнинг бундан минг йил аввал айтган шундай гапи бор: “Агар инсонлар табиат устидан зулм ўтказиб, унинг қонуниятларини бузса, бир кун келиб табиат шундай ўч оладики, буни ҳеч ким тўхтата олмайди”.
Жамиятдаги қонуниятларни бузиш ёки четлаб ўтиш мумкиндир, лекин табиат қонуниятларини бузиб бўлмайди. Агар бу қонуниятларни, мувозанатни бузсангиз, албатта, жавоб қайтади.
7-8 йил вақт қолди — агар шундай кетадиган бўлсак, экология борасида қайтиб бўлмас нуқтага етамиз. Ундан кейин ҳеч бир саъй-ҳаракатнинг фойдаси бўлмайди.
— Экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уларни глобал миқёсда ҳал этиш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Бу борада дунё олимлари қандай ташаббуслар билан чиқишмоқда?
— Олимларнинг бу борада ташаббуслари, ишланмалари жуда кўп. Масалан, бугунги кунда “қайта тикланувчи энергия манбалари”, “яшил иқтисодиёт”, “яшил энергетика” каби атамалар пайдо бўлди.
“Яшил” иқтисодиётнинг ўзи нима? “Яшил” иқтисодиёт — атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган, табиий ресурслардан самарали ва интеграллашган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг қўллаган ҳолда кам чиқитли, чиқитсиз технологияларни қўллаган тарзда атроф-муҳит ифлосланишининг пасайишига хизмат қиладиган ҳамда иссиқлик газларини минималлаштиришга олиб келадиган иқтисодиёт.
Бундан ташқари, қуёш энергетикаси, шамол энергетикаси каби йўналишлар ҳам жадаллашиб бормоқда.
— Булар амалда ўз самарасини беряптими?
— Албатта. Бугунги кунда дунёда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш орқали умумий энергетика соҳасида унинг улуши 19 фоизга чиқди. 2030 йилга бориб 2,5-3 баробар кенгайиши кутилмоқда.
Бу тоза энергия манбаи деганидир. Бутун дунёда қуёшдан келадиган энергия йилига ишлаб чиқарилган энергияни 2 ярим соатда беради. Лекин қуёшдан олинадиган электр энергияси 40-45 даража эмас, балки 20-25 даража ҳисобланади.
— Биламизки, экологиянинг турли йўналишларида, дейлик, иқлим масалалари,биологик хилма-хилликни сақлаш ва бошқа-бошқа йўналишлар бўйича кўплаб халқаро ҳужжатлар, халқаро конвенциялар, келишув ва битимлар мавжуд. Аммо уларнинг натижалари, самараси қай даражада бўляпти?
— Ўринли ва оғриқли савол. Экология соҳасида халқаро саммитлар ва анжуманлар керакдир, аммо сўз ва иш бирлиги ҳар доим ҳам мос бўлаётгани йўқ. Кўп гапирилади, бонг урилади, чақириқлар қилинади. Лекин амалиётда етарлича самара бераётган ишлар деярли йўқ. Экология чегара билмайди. Шунинг учун умуммиллий, халқаро даражада ҳаракат қилиниши керак. Менимча, соҳадаги халқаро ҳужжатларни хатловдан ўтказиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб олиш лозим.
— Лев Толстой шундай деган экан:“Жамиятда инсоннинг табиат устидан ҳукмронлигини оширувчи ҳар қандай кашфиёт инсонга қувонч эмас, қайғу келтиради”. Ҳақиқатдан бугун янгидан-янги кашфиётлар қилиняпти, саноат корхоналари, заводлар барпо этиляпти. Ёки аграр соҳада тупроқ унумдорлигини ошириш учун ҳар хил кимёвий ўғитлардан фойдаланиш кўлами ортяпти. Шу билан бирга, кўпроқ ҳосил олиш учун гени ўзгартирилган навлар яратилаяпти. Булар инсон саломатлигига салбий таъсир қилмайдими?
— Ҳамма нарсанинг меъёри бор. Табиатнинг ўзи донишманд, меъёрни ўзи билади. Мувозанат — ҳаётнинг асоси. Пандемия пайтида транспортларнинг камайгани, инсонлар кўп жойга боришдан ўзини тийгани натижасида табиат ўзини қайта тиклай бошлаган эди.
Энди ГМО ҳақида тўхталадиган бўлсак, бугун геномодификация қилинган навлар устида 20-30 та давлат ишлаяпти. Бизда асосан пахтачиликда, ғаллачиликда ГМО ишлатилади. Қишлоқ хўжалигида етиштирилган ҳосилнинг 30 фоизи истеъмолчига етиб боргунича нобуд бўлади. Бу зараркунандалар, иқлим ва етказиб бериш каби жараёнлар билан боғлиқ. Касалликларнинг олдини олиш, зараркунандаларга қарши курашиш учун ГМОдан фойдаланилади. Аммо унинг инсон саломатлигига қанчалик салбий таъсир қилиши тўлиқ аниқланмаган, охирига етказилмаган.
— Дунёда Яратганга энг яқин нарса-табиатдир, деган гап бор. Дарҳақиқат, инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни сақлаш, экологияга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш атроф-муҳитни асрашда муҳим. Шундай экан, ҳар биримиз ўзимиздан бошлаб экомаданиятни шакллантиришимиз лозим.
PS: Суҳбат давомида экологик муаммоларнинг олдини олиш ёки юмшатиш бўйича Борий Алихоновнинг олим, экофаол сифатидаги ташаббуслари ва таклиф қилган ечимлари ҳақида ҳам сўз боради.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини қуйидаги видеоҳавола орқали кўришингиз мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7qVgXMl5hZk?si=SSC_s-WODGa_9K4X" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА