
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритилиши режалаштирилган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга оид бир қатор қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
“Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун билан амалиётга жисмоний шахслар билан кредит битимларини тузишга тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқлар, уларни кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартлари, кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битими тузганлиги учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётгани айтиб ўтилди.
“Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун эса тадбиркорлик субъектлари томонидан молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва бизнесни молиялаштиришнинг самарали воситаларини жорий этиш, факторинг бўйича замонавий қонунчилик базасини яратиш, факторинг операцияларини ривожлантириш ва татбиқ этишга хизмат қилиши қайд этилди.

Бундан ташқари, “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ва валютани тартибга солиш либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Мажлис якунида кўрилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА