
Шимолдан Қозоғистон Республикаси, шарқдан Тошкент вилояти, жанубдан Тожикистон Республикаси ва ғарбдан Жиззах вилояти билан чегарадош бўлган Сирдарёнинг ҳам сайёҳларни жалб этадиган гўзал гўшалари, тарихий масканлари бор.
Қадимги юнон тарихчиси Аррианнинг „Искандарнинг ҳарбий юришлари“ асарида „Танаис“, „Яксарт“ номи билан аталган ҳозирги Сирдарё, унинг номи билан аталгувчи вилоят ҳудудида Қашқадарё ва Самарқанддагидек қадимий ва тарихий манзилгоҳлар унчалар кўп бўлмаса-да, Ховос туманидан оқиб ўтувчи Шўрбулоқсойнинг қуйи қисмида Эски Ховос ёдгорлиги, Ширинсойнинг қуйи қисмида Мунчоқтепа ёдгорлиги бор.
Аҳамиятли томони, мазкур тепаликлар милоддан олдинги IV асрдан милодий X асрга қадар қадимги Фарғона, Чоч (Тошкент) ва Сўғдга борадиган савдо йўллари чорраҳасида жойлашган қулай ва муҳим манзилгоҳ бўлган. Чорраҳанинг бир тармоғи Ховосдан Қуркад орқали Хўжанд ва Фарғонага, иккинчи томони эса тўғри Чоч дарёси – Сирдарё кечувидан сўнг шимол томон – Шоҳруҳия шаҳрига, ундан Ҳарашкентга, кейин Чоч пойтахти Бинкатга борган.
Энг қизиғи, археологларнинг изланишлари, мазкур тепаликда олиб борилган қазишмалари натижасида эрамиздан аввалги III-II асрга оид маъбуда – Анахита ҳайкалчаси, Х-ХI асрларга оид тангалар, XII асрга оид Ҳумо қуши тасвири туширилган чироқ дастаси, Х-ХI асрларга тааллуқли махсус симоб идишчаси, VII-VIII асрларга оид идишларда қўлланилган муҳрлар, хурмача-кўзалар, нақшли идиш-товоқ бўлаклари, қопқоқлар ва бошқа осори атиқалар топилган. Бу эса, Сирдарёга ташриф буюрган кишини ҳайратга солмай қўймайди.
[gallery-21522]
Бунинг учун кўп узоққа бориш шарт эмас, "Кўҳна Ховос» зиёратгоҳи ҳамда «Ўлкашунослик» музейига бир бор бўлса-да, ташриф буюриб, ҳудуд тарихи тўғрисида маълумот берувчи археологик тадқиқотлар натижаси билан танишиб, у тўғрида кўплаб қизиқарли маълумотга эга бўлиш мумкин.
2019-2020 йиллар давомида бу ерда қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, Ховос тумани “Ўлкашунослик музейи” ташкил қилинди ва изланишлар давомида ҳудуддан топилган 7 мингдан зиёд осори- атиқаларнинг асосий қисми бугунги кунда ушбу музейда сақланмоқда.
“Буюк ипак йўли”нинг муҳим манзилгоҳи бўлган бугунги Ховос Сирдарё вилоятининг бой туристик имкониятига эга ҳудудларидан бири саналиб, унинг камида 2500 йиллик бой тарихи бор. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, Ховосда 28 та табаррук қадамжо бўлган. Ҳозирги кунга қадар улардан 12 таси сақланиб қолган.
–Эски Ховостепа Ипак йўли чорраҳасидаги муҳим манзиллардан бири бўлиб, Сирдарё вилоятининг энг қадимий манзилгоҳлари –Сирдарё дарёси ва тоғ сойлари бўйида бундан уч минг йил аввал пайдо бўла бошлаган,–дейди тарихчи олим, археолог Солижон Қудратов.–Аҳамиятлиси, бу ҳудудда катта тарихий аҳамиятга эга бўлган бир қанча муҳим ёдгорликлар қад ростлаган. Бири “Кўҳна Ховос” зиёратгоҳи ва археологик ёдгорликлардан иборат катта мажмуа. Унинг умумий майдони 40 гектарни ташкил этади.
Муҳими, мазкур тарихий манзилда тадқиқот ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда ва яқин келажакда қадимий шаҳар вайроналари ва бир қанча ёдгорликларни очиш режалаштирилган. Бу эса, бизга Кўҳна Ховос, унинг қадимийлиги тўғрисида қўшимча, янги маълумотлар тақдим этса, ажабмас.
Кўҳна Ховосга ташриф буюрган саёҳатчилар Хасти Бузругон мақбараси, Саъду Саййид масжиди, Биби Оча мақбараси, Юсуф бобо мақбараси, Саъду Саййид масжиди, Шербобо мақбараси каби қатор тарихий қадамжоларни зиёрат этиши, Ховосдаги ўзгаришларни кузатиб, унинг бой ва қизиқарли тарихи билан танишиши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири