
Ижтимоий тармоқларда “Қарши магистрал канали ўтган йили 39 та тендер ўтказди. Унинг 21 тасида буюртмачининг “қўшниси” ғолиб чиққан”лиги ҳақида эълон қилинган танқидий материал юзасидан Рақобат қўмитаси қуйидагиларни маълум қилди:
“Қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Қарши магистраль каналидан фойдаланиш бошқармаси” ДМ томонидан амалга оширилган давлат харидларида рақобат қонунчилиги талабларига риоя қилинганлиги юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида Буюртмачи томонидан энг яхши таклифларни танлаш орқали амалга оширилган давлат харидларида “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши аломатлари билан буюртмачига нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Шунингдек, буюртмачи (Қарши магистраль каналидан фойдаланиш бошқармаси) мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шу билан биргаликда, ўрганиш давомида кузатилган манфаатлар тўқнашуви аломатлари бўйича маълумотларга ҳуқуқий баҳо берилиши учун прокуратура органларига юборилди“.
Н.Раҳмонова, ЎзА