![](https://cdn.uza.uz/2025/01/27/09/14/Pslx7KJ6kCPjmhpdFD4AlbGgx4TtEBu9_normal.jpg)
Ватанимиз тарихидаги 27 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1812 йил (бундан 213 йил олдин) – Россия императори Александр I Қўқон хони Умархонга жавоб мактуби ёзди. У ўз хатида Россия ва Қўқон ўртасида ўрнатилаётган савдо ва дўстлик алоқаларидан мамнун экани ҳамда бу ҳудудларда савдо карвонларининг тинч-осойишталигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Бундан олдинроқ, 1811 йилда Қўқон хони Умархон Россия императори Александр I номига хат йўллаб, Россияга ўз элчиларини юбораётганини ёзган эди.
Тарихчи Валиқул Ишқуватовнинг қайд этишича, Қўқон – Россия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатиш учун ҳаракатлар расман 1805 йилдан бошланган. Мазкур дипломатик муносабатлар Умархон даврида (1810–1822) яхши йўлга қўйилган. Дастлабки муносабатларнинг асосий мақсади Қўқон ва Россия ўртасида савдо алоқаларини ўрнатишдан иборат эди. Аммо бу дипломатик алоқалар натижасида Россия империяси Қўқон хонлигининг табиий бойлиги, ундаги ижтимоий вазиятни ва ҳарбий кучлар ҳолатини билиб олиб, мустақил Қўқон хонлигини секин-аста босиб олиш режасини туза борди.
1889 йил (бундан 136 йил олдин) – Россиянинг Бухородаги сиёсий агенти Николай Чариковнинг 1889 йил 27 январдаги махфий хатида ёзилишича, бухоролик савдогар Латифхўжа (жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили, ўзбек матбуотининг илк ташкилотчиларидан бири Убайдулла Хўжаевнинг укаси) катта миқдорда милтиқ келтираётганда Узун-Ада (Красноводск)да божхона ходимлари томонидан ушланди.
Тарихчи Даврон Раззоқовнинг қайд этишича, 1320 сўмга сотиб олинган бу милтиқлар учун Латифхўжа 3700 сўм жарима тўлаб, жами 5 минг сўм зарар кўрган. Бухоро амири Абдулаҳад Остонақул қушбеги (бош вазир) орқали Латифхўжани бир марта кечиришларини рус сиёсий агентидан сўраганида Чариков жарима империя қонунлари асосида олингани, шунинг учун бундай масъулиятни зиммасига ололмаслигини билдирган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, империя ҳукумати Бухорони итоатда тутиб туриш учун ўз ҳудудидан амирликка қурол сотишни тақиқлаб қўйган эди. Рус ҳукуматининг карори билан Россиядан Бухорога олиб келиш мутлақо тақикланган бундай моллар бухоролик савдогарлар томонидан яширинча келтирилган. Бухоро амири эса яширин равишда қурол келтирувчи савдогарларни рағбатлантириб, пул билан таъминлаб турган.
Рус сиёсий агентининг маълумотларида ёзилишича, Бухоронинг Хўжа Зайниддин гузарида яшовчи, рус-Бухоро савдо алоқаларидаги таниқли савдогарлардан бири Маҳмудхўжа Шодмонхўжаевнинг 1887 йилда Россиядан келтирган 200 та берданак милтиғини сотиб олган амир Абдулаҳадхон 200 кишилик кавалерияни қуроллантирган. Москва ва Нижнийнинг тижоратчилари орасида обрўли бўлган Маҳмудхўжа 1888 йилнинг июнида Россияга кетаётганида амир унга 6 минг сўм бериб (ҳар бир милтик учун 30 сўмдан) яна 200 дона қурол келтиришни сўраган.
1935 йил (бундан 90 йил олдин) – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, биофизика фанининг Ўзбекистондаги асосчиларидан бири, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Бекжон Тошмуҳамедов таваллуд топди (вафоти 2020 йил). У атоқли ёзувчи Ойбекнинг ўғли. У биофизика, ҳужайра физиологияси ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича йирик тадқиқотчи сифатида танилган. Ҳужайра мембранасига таъсир қилувчи фаол моддаларнинг тадқиқоти бўйича Ўзбекистонда илмий марказ яратган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Африка жанубидаги Зимбабве Республикаси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг “Ўзбекистон Республикаси таркибида Навоий вилоятини қайтадан тиклаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ Навоий вилояти аввалги чегараларида қайтадан тикланиб, унинг таркибига Бухоро вилоятининг Навоий, Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарлари, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор, Навоий, Томди, Учқудуқ туманлари, Самарқанд вилоятининг Нурота ва Хатирчи туманлари киритилди. Навоий шаҳри вилоятнинг маъмурий маркази этиб белгиланди.
2002 йил (бундан 23 йил олдин) – икки палатали парламент ва Президент ваколати муддатини узайтириш масаласи бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Референдумда халқимиз қуйидаги икки саволга жавоб берди: 1. Ўзбекистон парламенти икки палатали бўлишини маъқуллайсизми? 2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколати беш йилдан етти йилга узайтирилишини маъқуллайсизми?
2005 йил (бундан 20 йил олдин) – дастлаб бир палатали парламент сифатида вужудга келган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси икки палата: Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенат (юқори палата)дан иборат қилиб шакллантирилди.
2009 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади