
Ватанимиз тарихидаги 26 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Қўқон шаҳрида “Ғайрат” кутубхонаси томонидан нашр этилган, атиги 72 кун умр кўрган Туркистон Мухториятининг расмий нашри – “Эл байроғи” миллий газетасининг шу кунги 18-сонида Туркистон Мухториятига катта умидлар билан қараган ўн тўққиз ёшли Абдулҳамид Чўлпоннинг “Умид Сиздан! Мухторият эълон этилди!” номли даъватнома маколаси эълон килинди. Абдулҳамид Чўлпон маколада зўр умидлар билан эришилган Мухториятни Туркистон халки ҳимоя килиши керак деган фикрни илгари сурган.
Чўлпоннинг ижодини тадқиқ этган олима Саида Йўлдошбекованинг ёзишича, мазкур мурожаат Чўлпоннинг сиёсий публицистикасида алоҳида ўрин тутади. Ўта эҳтирос билан ёзилган мурожаатда Туркистон Мухторияти эълон қилиниши туфайли халқимизнинг қуллик занжирларидан абадий қутулиб кетишига умид боғлаган, эрк ва мустақиллик қуёшининг тобора порлай олишига қатъий ишонган ва бундан кўнгли тоғдай кўтарилган Чўлпоннинг қалб уриши баралла сезилиб туради. Турк қавми яна қаддини тиклашига, қадимий давлатчилигига қайтадан эга бўлишига чин дилдан ишонч уфуриб туради:
“Турклар, турк уруғлари, турк эллари инқироза, йўқ бўлишга маҳкум эмаслар. Булар ўзларининг эски бешиклари бўлғон Туркистонда яна илгариги шавкат ва салтанатларини тиргизарлар. Тўғрилик, кенглик, қардошлик асосиға қурилғон тахтларини (миллат мажлислари демакдир) обод қилурлар. Хусусан, бизнинг Туркистон ҳеч вақтда ҳам порлоқ ва ойдин эрталардан қуруқ эмас ҳам қуруқ бўлмас! Чунки турк қайнағон ернинг исми Туркистон: Сен қаерликсан деб сўрама - «Мен туркистонликман!» дер ва унинг юраги Туркистондадир...”
Мустабидликнинг хўрликларини кўрган, аламларини тортган Чўлпон юртини босиб олганларга нисбатан бутун миллати тилидан баралла айтади: “Кет, маҳв бўларсан! Яқинлама, қул бўлурсан!” Бундай дадил ва кескин жавоб айтадиган миллатда етарли имконият ва куч бўлмоғи керак. Буни ёзган публицист масаланинг худди шу томонларини ҳисобга олмаса бўлмасди. Бу эса Туркистон Мухторияти ташкил топишидек сиёсий воқеа ҳақида ёзувчи публицистдан сиёсий саводхонликни, баҳо берилиши керак бўлган сиёсий воқеаларнинг моҳиятини чуқур билишни талаб қиларди.
Чўлпон 1917 – 1918 йиллар сиёсий воқеаларининг оқимини теранлик билан кузатган, шунчаки кузатибгина қолмай, аксари ҳолларда ўзи ҳам шу воқеалар ичида бўлган, содир этилаётган ҳар бир ўзгариш ҳақидаги хабарни жон қулоғи билан тинглаб борган. Буни мазкур мақоладаги фактлар, воқеалар қайди, уларга берган баҳоси кўрсатиб туради. Чўлпон бутун борлиғи билан Туркистон Мухториятининг муваффақиятини таъминловчи имконият ва омиллар борлигига чин дилдан ишонтирмоқчи бўлади. Зотан, эрк ва мустақиллик шундоққина ёнингда турибди. Уни тутиб қола билиш керак. Лекин, афсуски, Туркистон Мухторияти узоқ яшамади. Уни болшевиклар қонга ботирдилар. Бу ёвузликни Чўлпон ўз кўзи билан кўрди, энг ёруғ орзуларининг яна ушалмай қолгани туфайли изтироб чекди.
1926 йил (бундан 99 йил олдин) – санъатшунос, рассом, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рафаил Тоқтош таваллуд топди. У татар шоири Ҳоди Тоқтошнинг ўғли. Унинг илмий фаолияти Ўзбекистон тасвирий санъати масалаларини ёритишга бағишланган. У 2000 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
1942 йил (бундан 83 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати Шимолий Тошкент канали курилиши хақида махсус карор кабул килди. Қарорга асосан, канал ўзанини уч навбатда куриб тугаллаш максадга мувофик деб хисобланди. Каналнинг биринчи навбати қурилиши – Кайкавус ариғидан сув олувчи Дамачи ариғини кенгайтириш ва уни бир неча километрга узайтириш, Куйи Бўзсувда тупроқдан бош тўғон барпо этиш билан секундига 10–15 м3 сув ўтказадиган магистрал канал қуришдан иборат эди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди. Япония Ўзбекистоннинг суверинететини 1991 йил 28 декабрда тан олган. 1992 йилда Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси, 1996 йилда эса Ўзбекистон Республикасининг Токиодаги элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Икки мамлакат ўртасида тенг ҳуқуқли алоқалар ўрнатилди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Қорақалпоқ давлат университетига Бердақ номи берилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бердақ тахаллуси билан ижод қилган Бердимурод Қарғабой ўғли (1827–1900) қорақалпоқ адабиётининг асосчиси ҳисобланади. Унинг асарларида тенглик, инсонпарварлик, адолат ва ватанпарварлик ғоялари илгари сурилган.
1998 йил (бундан 27 йил олдин) – композитор, дирижёр ва жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Толибжон Содиқов (1907–1957) номидаги халқаро мусиқий хайрия жамғармаси рўйхатдан ўтказилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Толибжон Содиқов 1939–1948 йилларда Ўзбекистон композиторлари уюшмасининг биринчи раиси сифатида фаолият юритган.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан йиғилиш ўтказди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Непал Федератив Демократик Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Авиаспоттингни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Авиаспоттинг – белгиланган тартибга асосан аэропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш, шунингдек уларни профессионал ва ҳаваскорлар (авиаспоттерлар) томонидан фото, видео тасвирга олиш ҳисобланади.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – таълим ва қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни, озиқ-овқат саноатида янги механизмларни кенг жорий этиш, соҳада халқаро талаблар асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ташкил этилди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади