
Осиё олимпия кенгаши (ООК) Бош директори, Бутунжаҳон сузиш федерацияси (World Aquatics) президенти Ҳусайн Ал Мусаллам юртимизда расмий ташриф билан келди.
Уни Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, ООК вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ва Қўмита Бош котиби Ойбек Қосимов қарши олди.
Ҳусайн Ал Мусаллам сафари давомида Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида бўлиб, қадимий жойларни зиёрат қилиш билан бирга, мамлакатимизда сув спорти турларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Мамлакат сузиш федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов иштирокида ўтказилган йиғилишда бир қатор истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди. Хусусан, сув спорти турларини мамлакатимиз бўйлаб янада оммалаштириш, ҳудудлардаги моддий-техник базани кучайтириш устувор режалардан экани қайд этилди.

Қолаверса, Қ.Рафиқов республикамизнинг кўплаб вилоятларида замонавий, халқаро стандартлар асосида янги сузиш ҳавзалари қурилгани ҳақида маълумот берди.
Ўз ўрнида, расмийлар давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши билан сув спорти турларининг ривожи янги босқичга чиқишини билдирди. Жаноб Мусаллам юртимизда спортга бўлган эътибор йил сайин ортиб бораётганидан хабардор экани, бу жиҳат ҳар қандай халқаро ташкилот раҳбарларини ҳамкорликда ишлашга ундашини алоҳида таъкидлади.

Самимий руҳда ўтган суҳбат давомида пойтахтимизда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчасидаги сув спортига ихтисослаштирилган объектни энг замонавий инвентарлар билан жиҳозлаш, унда халқаро мусобақалар ўтказиш, маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш каби мавзуларда фикр алмашилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА