
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига фуқароларнинг доимий рўйхат (прописка)га ўтиши яқин ўтмишда жуда қийин масала эди. Бунинг оқибатида мутахассислар ўзлари хоҳлаган ташкилотда ишлаш, ўзлари истаган жойда яшаш ҳуқуқини амалга ошира олмай сарсон бўлгани сир эмас. Кейинчалик давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бундай чекловлар барҳам топди.
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида сенаторлар шу каби жиҳатларга эътибор қаратди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаган дастлабки кунданоқ айнан шу масалага эътибор берганини таъкидлади. Одамларни йиллар давомида қийнаган фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларини таъминлаш, прописка билан боғлиқ муаммолар юртдошларимизда норозилик кайфиятларини туғдирган эди. Шу билан боғлиқ турли чекловлар бирин-кетин бекор қилинди (масалан, пойтахтда ишлаш, уй-жой сотиб олишдаги чекловлар ва ҳ.к.). Янгиланган Конституцияда ҳам Президентимиз таклифлари асосида ҳар ким турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилди. Ҳозир барча ҳуқуқий ҳужжатлардан “прописка” деган сўз бутунлай чиқариб ташланди. Кўпчилик ёшларимиз буни билмайди: “прописка” деган сўз қонунчилигимизга мустаҳкамлаб қўйилган эди. Мазкур қонун яшаш ва турар жойи бўйича рўйхатдан ўтказишнинг янада қулай, осон ва содда тизимини яратишга хизмат қилади. Бунда, айниқса, рақамлаштириш имкониятларига урғу берилганини алоҳида эътироф этиш керак. Қонун, шунингдек, ички миграцияни янада эркинлаштиришга хизмат қилади.

Сенатор Ўктам Охунов 2021–2023 йилларда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан 340 мингта маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилганини қайд этди. Шу боис, қонун билан паспортни ёки идентификацияловчи ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёхуд паспортни ёки идентификацияловчи ID-картани гаровга олганлик учун барча учун бир хил, умумий жавобгарлик белгиланмоқда ҳамда маъмурий жарима миқдори камайтирилмоқда.
Сенатор Абдуҳаким Эшмуродов қонун билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш, шу билан бир қаторда, яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганини бекор қилиш тартиблари белгиланаётганини таъкидлади. Бугунги кунга қадар фуқароларнинг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш, доимий рўйхатга олинганликни бекор қилиш Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган низомлар асосида амалга ошириб келинмоқда.
Амалдаги низомларда доимий рўйхатга олинганликни бекор қилиш қайси ҳолатларда судлар томонидан амалга оширилиши белгиланмагани ҳуқуқни қўллаш амалиётида номутаносибликларни келтириб чиқарган. Қонунда эса бу каби номутаносибликларга барҳам берилмоқда.
Сенатор Ҳусан Эрматовнинг фикрича, амалдаги қонунчиликда паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан – уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган. Амалиётда қонуннинг ушбу моддасини ҳуқуқбузарларга нисбатан қўллаш жараёнида мутасадди идора ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонун билан маъмурий жарималар миқдори ягона қилиб белгиланмоқда, яъни амалдаги маълум бир суммадан маълум суммагача, деган нормадан воз кечилмоқда.

Бундан ташқари, хорижий давлатларда содир этилаётган турли қўпорувчилик ҳаракатлари мамлакатимизда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий назорат қилиб борилишини, уларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларига қатъий риоя этишларини, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш заруриятини келтириб чиқармоқда. Мамлакатимизда ҳукм сураётган осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қабул қилувчи шахсларнинг масъулиятини янада ошириш лозим.
Қонунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 225-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар, яъни Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш орқали чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш назарда тутилмоқда. Бунинг натижасида айрим шахсларнинг маъмурий жавобгарлигини кучайтириш орқали фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда уларни қабул қилувчи шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олди олинади.
Сенатор Комила Каромованинг таъкидлашича, қонун билан айрим бюрократик омилларга йўл қўйилмаслиги назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ бир қатор енгилликлар яратилмоқда.
Қонун фуқароларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқидан фойдаланишларини таъминлашга, шунингдек, хорижга доимий яшашга кетаётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилмаслигига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА