
23 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида дастлаб “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун инвестиция фаолияти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини, хусусан, тўғридан-тўғри инвестицияларни амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.
Қонунда мамлакатимизда қулай инвестициялар муҳитини яратиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб қилиш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий инвестор ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш назарда тутилган.
Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг соғлиғини сақлаш, сифатли таълим, табиий ресурслардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳам ушбу қонуннинг мақсадларидан ҳисобланади.
Бундан ташқари, инвестициялар ва инвестиция фаолиятига оид асосий тушунчалар, принциплар ва мақсадлар белгиланмоқда. Хусусан, инвестициялаш эркинлиги, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, бизнесни бошқариш эркинлиги ҳамда маблағларни эркин тасарруф этишга доир кафолатлар белгиланмоқда.
Қонун билан инвестиция ҳажмига кўра кичик, ўрта, йирик, стратегик инвестиция лойиҳаларига имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, инвестицияларни рағбатлантириш чоралари ва имтиёзлар доираси кенгайтирилмоқда. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонада устав фондининг чет эл инвестицияларини ташкил этиши лозимлиги тўғрисидаги миқдор 15 фоиздан 10 фоизга туширилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши маҳаллий ва хорижий инвесторларга «ягона дарча» тизими орқали ваколатли давлат органига инвестиция таклифлари билан мурожаат қилиш имкониятларини яратишга, шунингдек, уларга нисбатан адолатли ва тенг ҳуқуқли тарзда муносабатда бўлишга, уларнинг кафолатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини давлат томонидан муносиб қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонуннинг мақсади озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонун нормалари аҳолининг озиқлик қимматига эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз овқатланишини таъминлашга, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқаришга нисбатан татбиқ этилади.
Қонунда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.
Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг минимал нормаларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини шакллантириш ҳамда аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли миқдорда ва узлуксиз таъминлаш имкониятларини кенгайтириш шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, давлат озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.
Ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорти
ва импорти ўртасидаги мақбул мувозанатни сақлаш ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг йўналишларидан бири ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда.
Унга республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш каби бир қатор ваколатлар берилмоқда.
Шунингдек, қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилиши, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.
Мазкур қонун мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормаларни ягона ҳужжатга унификация қилиш ва тизимлаштириш, ушбу соҳадаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати