“Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали томонидан Қашқадарё вилоятидаги мавжуд 190 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларига табиий газни етказиб беришда узилишлар ва йўқотишларни олдини олиш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бунда дастлаб газ тақсимлаш станцияларидан узатилаётган газ ҳисобини юритиш ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилиш мақсадида 35 та йирик ҳудуд ташкил этилиб, ҳар бир ҳудудга 62 дона газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди.
Шунингдек, технологик йўқотишларни олдини олиш мақсадида таъминотни уч босқичдан икки босқичга ўтказиш ишлари бошланди. Бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда. Бунда газ тақсимлаш қурилмалари ўрнини босувчи табиий газни бир меъёрда таъминлаб бериш имконини берувчи босим ростлагичлар ўрнатиш ишларига киришилди.

Таҳлилларга кўра, ўтган йилда 24 минг 244 дона ростлагичлар ўрнатилиб 680 дона газ тақсимлаш қурилмалари демонтаж қилинган бўлса, 2025 йилда 22 минг 125 дона босим ростлагичлар ўрнатиш ва 300 та газ тақсимлаш қурилмасини демонтаж қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 229,2 километрлик қувурлар эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди. 16 километрлик тармоқлар реконструкция қилинди ва 18 километрлик қувурлар мукаммал таъмирланди.
Эндиги вазифа эса маҳалла ва кўча балансларини шакллантириш мақсадида “Ақлли маҳалла” лойиҳасини йўлга қўйиш.

Лойиҳа доирасида ҳар бир маҳалладаги газ таъминоти тизими тубдан янгиланади. Ҳар бир хонадонга замонавий регуляторлар ва энергия тежовчи газ жиҳозлари ўрнатилади. Маҳалланинг кириш қисмида умумий газ ҳисоблагичлар ўрнатилиб, барча кўчаларда назорат тизими йўлга қўйилади. Бунда ҳар бир маҳалла ва кўча бошига кириш қисмида ҳисоблаш ускунаси ўрнатилади.
Жумладан, Қарши шаҳрининг Равоқ маҳалласида бу борада ишлар бошланди.

Бунда йирик ҳудуд ва кўча баланси доирасида 4 дона газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилади. 3 минг метрдан ортиқ қувурлар эстетик жиҳатдан тартибга келтирилиб, 5 та газ тақсимлаш қурилмаси замонавийсига алмаштирилади. Шунингдек, ер усти газ қувурларини ер остига олиш ишлари ҳам амалга оширилади.

Қарши туманининг Батош маҳалласида ҳам амалий ишлар бошланган бўлиб, ҳудудда 423 та аҳоли, 1 та ижтимоий соҳа объекти мавжуд. 2 та тақсимлаш қурилмаларини демонтаж қилиб, 423 та регулятор ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. 2,6 километр газ қувурлари янгисига алмаштирилиб, 6,4 километр газ қувурини эстетик жиҳатдан тартибга келтириш ишлари амалга оширилмоқда.

“Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали масъулларининг таъкидлашича, келгусида “Ақлли маҳалла” лойиҳаси вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида амалга оширилиши белгиланган. Бундан мақсад табиий газ билан боғлиқ узилишларни олдини олиш ва аҳолига узлуксиз етказиб беришни таъминлаш.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири