Ўзбекистон углеводород энергияси нефть, газ ва кўмирдан фойдаланилиши эвазига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида 4,5 фоизини йўқотмоқда. Мамлакатдаги энергия ишлаб чиқарувчи қувватларнинг салкам ярми эскирган. Ушбу қурилмаларни тиклаш, соҳани модернизациялаш жуда кўп маблағ талаб қилади. Бунинг ўрнига ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали ҳисобланган “яшил энергетика”га ўтиш минг чандон афзал. Зеро, бутун дунё шу йўлни танлаяпти.
Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани шу йўлдаги саъй-ҳаракатларни янги босқчга кўтаришга интилиш ифодасидир.
“Яшил” энергетика миллий иқтисодиётимиз драйверига айланганидан келиб чиқиб, айни йўналишда ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгиландики, бу халқимизни кўп йиллардан бери қийнаб келаётган муммоларга ечим бўлади, албатта.
Маълумки, жорий йил 13-15 январь кунлари давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон ва БАА етакчилари музокаралар ўтказиб, якунда кўплаб муҳим ҳужжатлар имзоланди.
ЎзА мухбири мазкур ташриф якунлари ва БАА билан “Яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи хусусида сиёсий шарҳловчи Абдували Сойибназаров фикрлари билан қизиқди.

– “Яшил” иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш иқлим ўзгаришига қарши курашда стратегик вазифа бўлиб қолмоқда. Бу борада Бирлашган Араб Амирликларининг иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги глобал ташаббуслари ҳамда “яшил” тараққиётга қўшаётган катта ҳиссасини алоҳида қайд этиш жоиз. БАА томонидан “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” халқаро саммити ташкил этилиши фикримизни тасдиқлайди. 2023 йил декабрида БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP28) саммити ҳам Амирликларда ташкил этилган эди.
Амирликлар саноат ва илғор технологиялар вазири Султон Ал-Жобирнинг айтишича, “Келажакни боғлаш: барқарор тараққиётни тезлаштириш” ҳафталиги давлатларга истиқболда мисли кўрилмаган ижтимоий-иқтисодий имконият очади. Ҳафталик бу шунчаки платформа эмас, балки ҳаммага яхшироқ келажак қуриш учун дадил чақириқдир.
“Masdar” бош директори Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳи фикрича, 2025 йилги саммит энергия, иқтисод ва атроф-муҳит учун ўзаро боғлиқ ечимларни тақдим этиш учун жаҳон ҳамжамиятини бирлаштирадиган воситадир. Гап шундаки, мазкур анжуман ташкилотчиси “Masdar” БААда яшил водород иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун янги яшил водород бизнеси яратишни эълон қилди. Эътиборли жиҳати, Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари Президентлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунида кўплаб муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Таъкидлаш жоиз, БАА компаниялари Ўзбекистонда анчайин фаол. “Яшил” энергетика икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши бўлиб хизмат қилмоқда. 2024 йилнинг декабрь ойида Навоий вилоятида қуввати 500 мегаватт бўлган шамол станцияси ишга туширилди - бу лойиҳа “Masdar” компанияси томонидан амалга оширилди. Умуман, ушбу компания иштирокида сўнгги йилларда мамлакатимизда умумий қуввати 1,5 ГВТ бўлган электр энергияси ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилди. Бундан ташқари, “Masdar” компанияси томонидан қуриладиган 250 МВТли қуёш электр станцияси ҳам шу сафга қўшилади. Бу лойиҳа учун Олот туманидан 648 гектар ер ажратилган. Станция 2025 йил декабрда ягона электр тармоғига уланиши режалаштирилган. Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 900 МВТ учта замонавий фотоэлектр станцияси барпо этиш лойиҳаси якунланди. Шунингдек, Навоий вилояти Томди туманида 500 МВТлик шамол электр станциясининг биринчи босқичи қуриб битказилди.
Президентимиз “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси эканини бот-бот такрорлайди. Бу мақсадларга эришиш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқтисодиётни модернизация қилиш ишига хизмат қилади. Шу маънода, сўнгги йилларда юртимизда муқобил энергия улуши икки баробар кўпайди. “Яшил” водород ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича илк амалий қадамлар ташланди. Тошкент вилоятида “яшил водород”ни “пилот” тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш бошланди. Ушбу лойиҳа доирасида мамлакатимизда биринчи босқичда 3 минг тонна водород ишлаб чиқарилади ва кейинчалик минерал ўғитлар қайта ишланади. Шунингдек, 52 МВТлик шамол электр станцияси қурилади. Буни ҳаётнинг ўзи тақозо этяпти. Негаки, анъанавий углерод манбаларидан шафқатсиз фойдаланиш жаҳондаги барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурди. Иқлимни кескин ўзгартириб юборди. Ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши, биохилма-хиллик йўқолиши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пасайиши каби муаммолар тобора авж олмоқда. Минтақамизда ҳаво ҳарорати кўтарилиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки карра юқори. Фавқулодда иссиқ кунлар 2 марта ортди, музлик майдонининг учдан бир қисми йўқолди.
Савол туғилади: Ўзбекистонда нима учун “яшил” энергетика ривожига бу қадар катта рағбат ва эътибор қаратиляпти? Сабаби, энг аввало, 2030 йилга бориб саноат ҳажмини икки карра ошириш, металлургия, нефть-кимё ва машинасозлик каби соҳаларни сифат жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтариш мақсад қилиб қўйилган. Умумий қиймати 150 миллиард долларлик 500 дан зиёд йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш кўзланган. Бу мақсадга эришиш учун мамлакатимизга кафолатли ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур. Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси беш йил мамлакатимизда электр энергиясига талаб ҳозирги 83 миллиарддан 120 миллиард киловатт соатга ўсиши кутиляпти. Буни, биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қоплаш мумкин. Иккинчидан, глобал муаммога айланган иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича тинимсиз изланиш жараёнида Президентимиз томонидан халқаро саммитларда муҳим таклиф ва ташаббуслар фаол илгари суриляпти.
2023 йил декабрда Дубайда БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида дунё мамлакатлари “яшил” генерацияни уч баробар оширишга келишиб олди. Ўзбекистон ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлади ва 2030 йилгача “яшил” энергетика манбаларини 27 ГВТга етказиш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттиришини маълум қилди. Зеро, мамлакатимизда “яшил” энергетика бўйича ниҳоятда улкан салоҳият мавжуд. Соҳани рағбатлантириш мақсадида қуёш панеллари ўрнатишга имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш, ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатли сотиб олиш бўйича “Қуёшли хонадон” тизими йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда глобал миқёсда “яшил” энергиядан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга алоҳида устунлик берилмоқда. “Яшил энергия” сертификати кенг жорий қилинмоқда. Ўзбекистон келгусида аниқ режа ва қатъий саъй-ҳаракатлар орқали “яшил” энергияни Осиё ва Европа мамлакатлари бозорига ҳам етказиб бериш бўйича дастлабки қадамларни ташлади. “COP29” доирасида Қозоғистон, Озарбайжон ва Саудиялик ҳамкорлар билан “яшил энергия”ни Европа минтақасига экспорт қилиш бўйича битим имзоланди.
Демак, иқлим ўзгаришлари бугунги кунда асосий глобал таҳдидга айланиб бораётган, геосиёсий зиддиятлар кучайишига бевосита таъсир кўрсатаётган, айниқса, камбағалликка қарши кураш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, сув ва ресурслардан фойдаланиш муаммоларини кучайтираётган экан, Ўзбекистон ва БАА каби мамлакатлар томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ва таклифларнинг аҳамияти ҳам ортиб бораверади.
ЎзА мухбири Ўткир Алимов ёзиб олди.