Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Жанубий Кореянинг “Xayean Arkitekche” компанияси вакиллари билан “Ақлли тиббиёт кластери” ташкил этиш мақсадида учрашув ўтказди.
Дастлаб, компания директори Гонг Гибум томонидан тақдим қилинган Юқори Чирчиқ туманида амалга ошириши режалаштирилган бу лойиҳа ҳақида таништирилди. Унда замонавий, халқаро стандартларга мос, тиббиёт йўналишидаги туристларни қабул қиладиган йирик муассаса, шошилинч тиббий ёрдам маркази, Кореянинг нуфузли халқаро тиббиёт университети филиали, мазкур йўналишдаги халқаро мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, бизнес ва савдо маркази, меҳмонхоналар, кўп қаватли уй-жой мажмуаси қурилиши муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари томонидан компания вакилларига ушбу лойиҳага, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлиги таъкидланди.


***
“Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида Жанубий Корея корхонасининг “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди. “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки резиденти сифатида ўз фаолиятини бошлаган бу корхона Ўзбекистонда илк бор импорт ўрнини босувчи янги турдаги аудио тизимлар ва овоз кучайтириш мосламаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Бугунги кунда лойиҳа доирасида 2 миллион доллар қийматдаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ва 30 та янги иш ўринлари яратилди. Тадбирга таклиф этилганлар корхона томонидан импорт ўрнини босувчи аудио тизимлар ишлаб чиқариш технологик жараёнлари билан таништирилди.

***
Зангиота туманидаги Алоқачилар ҳарбий қисмида “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида “Ватан таянчи” сардорлари учун “Ҳарбий қисмда бир кун” лойиҳаси ўтказилди.
Мудофаа вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, Ўзбекистон болалар ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ёшлар ҳарбий қисмда мавжуд қурол-аслаҳалар, махсус ҳарбий техникалар, таъминот турлари билан яқиндан танишиб маълумотларга эга бўлди. Иштирокчилар муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган қўл жанги чиқишларини катта қизиқиш билан қарши олди.
Шунингдек, ёшлар билан кўп йиллик тажрибага эга фахрийлар ва раҳбарлар иштирокида “Раҳбар ва сардорлар” учрашуви ташкил этилди. Мамлакатимизда ҳарбий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, миллий армиямизнинг ҳозирги кунда жаҳон ареналарида эришиб келаётган ютуқлари каби мавзуларда суҳбат ўтказилди.


***
Тошкент туманида солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишларига бағишланган семинар ўтказилди. Унда Солиқ қўмитаси, Тошкент вилояти солиқ бошқармаси раҳбарияти ва соҳа мутахассислари, тадбиркорлар қатнашди.
Дастлаб, масъуллар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилга мўлжалланган солиқ сиёсати концепцияси доирасида қонунчиликка киритилган асосий ўзгартиришлар тўғрисида ахборот берилди. Хусусан, 2024 йил 24 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни, “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар билан Солиқ кодексининг 37 та моддасига, шунингдек, Бюджет кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, 2025 йилда асосий солиқ турлари бўйича ставкалар ўзгартиришсиз қолдирилди.
Тадбирда тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар бериш, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича тушунтиришлар берилди.


А.Мусаев, ЎзА