
Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Қубаничбек Омуралиев Туркиянинг “Fergani Space” компаниясига қарашли “FGN-100-d1” биринчи сунъий йўлдоши муваффақиятли учирилгани билан табриклади.
– “Baykar” бошқарув кенгаши раиси Селжук Байрактар бошчилигида эришилган бу тарихий муваффақият туркий дунёнинг улкан ғоялари, буюк мақсадлари тимсолига айланди, – деди ТДТ раҳбари. – Aйниқса, бу ютуқ Байрактар жаноблари ташкилотимиз томонидан Бухорода ташкил этилган Ёшлар платформаси доирасида туркий дунё ёшлари билан баҳам кўрган буюк орзунинг рўёбига айлангани қувонарли. Кўп йиллик машаққатли меҳнат туфайли ҳақиқатга айланган ният барчамиз учун ғурур ва илҳом манбаига айланди. Мазкур лойиҳа Ал-Фарғоний, Улуғбек сингари буюк ўзбек алломаларининг илмий меросини жонлантириш баробарида келажак авлодларга ҳам илҳом бағишлайди, умумий тарихимиз, илмий қадриятларимизни улуғлашга хизмат қилади. Ушбу муваффақият туркий дунёнинг коинот технологиялари соҳасидаги глобал мавқеини мустаҳкамлайди, келажак учун янги имкониятлар очади. Қолаверса, аъзо давлатларнинг фазони ўзлаштириш бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.
ТДТ котибияти айни йўналишда шерикликни ривожлантиришга доим содиқ.
– Биз аъзо давлатлар ўртасида тажриба, билим ва технологиялар алмашинуви платформасини яратиш, космик тадқиқотлар бўйича умумий имкониятимизни мустаҳкамлаш устида ишни давом эттирамиз, – дея сўзини якунлади Қ.Омуралиев. – Улуғ мақсадни рўёбга чиқаришга ҳисса қўшган барчани чин қалбимдан табриклаб, компаниянинг келгуси фаолиятида муваффақият тилайман.
Эслатиб ўтамиз, “FGN-100-d1” сунъий йўлдоши 14 январь куни AҚШ Калифорния штатидаги Ванденберг фазо базасидан кўтарилиб, орбитага муваффақиятли чиқиб олди.
Г.Сатторова,
ЎзА