Сўнгги йилларда мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида қамров даражасини ошириш ҳамда шу тариқа аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнгги 7 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга 20 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Ушбу маблағлар ҳисобидан 2 916 та сув иншооти ва 43 минг кмга яқин ичимлик суви тармоқлари тортилди.
Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилда 63 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб ушбу кўрсаткич 80,9 фоизга етказилди.
Ушбу давр мобайнида 8 миллионга яқин аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, 14,5 миллион нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, 2026 йилда бу кўрсаткич 88,9 фоизга етиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, республикада сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини акс эттирувчи бир қатор концептуал ҳужжатлар қабул қилинди. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, “2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси”, “2020- 2030 йилларда Ўзбекистон сув ресурсларини ривожлантириш концепцияси”, “Сув ресурсларидан фойдаланиш, шунингдек, сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.
[gallery-21232]
– Республика аҳолисининг 2030 йилда ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 90 фоизга етказиш борасида ҳудудлар бўйича лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилмоқда, – дейди “Ўзсувтаъминот”АЖ бошқаруви раиси в.б Аҳмад Сувонқулов. – Бунда нафақат янги иншоотлар қуриш, балки эски иншоотларни ҳам қайта тиклаш ва реконструкция қилиш мақсад қилиб олинган. Жумладан, 2025-2030 йилларда республика бўйича қарийб 45 минг кмдан зиёд ичимлик суви тармоғи тортилиб, 1,8 минг дона иншоот қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, аҳолини узлуксиз равишда сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида республика йирик шаҳарларида давлат бюджети ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қатор лойиҳалар амалга оширилади.
Албатта, сув ресурсларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш– барқарор ривожланиш гарови. Ҳозирги шароитда одамларнинг бундай қимматбаҳо ресурсга масъулиятсиз муносабатини ўзгартириш ва истеъмолчиларнинг сувдан тежамкор ҳамда оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Нилуфар Бозорова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари