Бугунги кунда мамлакатимиз фуқароларини ишлаш учун чет элга боришларига кўмаклашиш ва хорижда бўлган даврида уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан фуқароларимизни ўнга яқин хорижий давлатларга юбориш ишлари амалга оширилмоқда.
Аммо, ўрнатилган тартиб-қоидаларни четлаб ўтган ҳолда айрим шахслар томонидан фуқароларни чет давлатларга ишга юборишга уриниш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1982 й.т. С.А. ўзининг 2006 й.т. ўғли С.М. билан тил бириктириб, 2 нафар маҳаллий фуқаронинг ишончига киради ва танишлари орқали уларни Америка Қўшма Штатларига ишга юборишини айтади.
Бунинг эвазига С.А. уларнинг ҳар биридан 11 минг АҚШ долларидан, жами 22 минг АҚШ доллари сўраб, ушбу пулнинг 70 фоизини олдиндан, қолган 30 фоизини эса виза ҳужжатлари тайёр бўлганидан кейин беришлари кераклигини талаб қилади.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у 15.400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳрида вақтинча истиқомат қилувчи, 1999 йилда Самарқанд вилоятида туғилган А.Н. ўзининг танишлари ёрдамида пойтахтлик фуқарони АҚШга ишга юбориш эвазига 21 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 9 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА