АОКАда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Мутахассисга кўра, ўтган вақт мобайнида Марказ томонидан “Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланган ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.
“Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари учун ўқув-методик мажмуаларни яратиш, тажриба- синов ва экспертизадан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Шунингдек, ЮНEСКОнинг Миллий ўқув дастури прототипи, Сингапур, Буюк Британия, Германия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатлар тажрибалари асосида “Умумий ўрта таълимнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича йўриқнома” ҳамда “Умумий ўрта таълимнинг ўқув дастури макети” тасдиқланди.
Ўқув адабиётларига расмий мақом ҳамда нашр этишга рухсат бериш тўғрисидаги гувоҳномасини расмийлаштириш учун тизимга бириктириладиган ҳужжатлар ва талаблар рўйхати, экспертизадан ўтказиш ҳамда баҳолаш мезонлари шакллантирилди.
Рақамли таълим ресурслари ва улардан фойдаланиладиган дастурий воситаларга қўйиладиган умумий талаблар ҳамда Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари учун ўқув-методик мажмуаларини яратишга қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикасида мавжуд таълим турлари ЮНEСКОнинг “Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи” даражаларига тўлиқ мувофиқлаштирилди.
Шу билан бирга, Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти билан ҳамкорликда "TIMSS – 2023" тадқиқотининг Ўзбекистон учун Миллий энциклопедияси ишлаб чиқилди. Халқаро PISA тадқиқотларида фойдаланилган ва очиқ эълон қилинган топшириқларга доир видеодарслар эълон қилинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА