Фарғона вилоятидаги қулай инвестициявий муҳит натижасида хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган йилда умумий қиймати 1,8 миллиард долларлик тўғридан тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, бу борадаги ўсиш суръати 1,4 баробар ортди, 1000 га яқин истиқболли лойиҳа ишга туширилди, 35 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида фойдаланишга топширилган 99 та лойиҳа ҳисобига умумий қиймати 1 триллион 939 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, 68,3 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилди. Бугун умумий қиймати 341,3 миллион доллар бўлган 35 та йирик лойиҳада қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда. Мазкур лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига қўшимча 6 515 та янги иш ўрни очилади.
Фарғона вилоятига инвестиция киритмоқчи бўлганлар қаторида Хитой етакчилик қилмоқда – 915 миллион доллар инвестиция киритилди. Шунингдек, Россия, Германия, Сингапур, Туркия, Жанубий Корея, Таиланд сингари иқтисодиёти барқарор давлатлар фарғоналиклар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Жумладан, Данғара туманида Хитойнинг “Хонг Генг Фашон” корхонаси томонидан қиймати 8 миллион долларлик дуккакли экинлар ва қуритилган мевани қайта ишлаш ҳамда қадоқлаш лойиҳаси йилига 20 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш имконини берди. Фарғона шаҳридаги “Бақай” кичик саноат зонасида “Toshloq samo biznes” қўшма корхонаси томонидан қиймати 13 миллион долларлик мисни қайта ишлаш лойиҳаси, Бешариқ туманида Россия билан ҳамкорликда “Дружба ун комбинати” масъулияти чекланган жамияти томонидан ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Хорижий инвестицияни кўпайтириш учун Жанубий Кореянинг Чунчоннамдо вилояти, Пёнтек, Инчон, Кимпо шаҳарларидаги йирик ишлаб чиқарувчилар ва саноат зоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
– Чунчоннамдо вилоятида Фарғона инвестициялар ва савдо ваколатхонаси очилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов. – Ҳамкорлик натижасида бугун вилоятга инвестиция киритаётган мамлакатларнинг умумий сони 29 тага етди, қўшма ва хорижий корхоналар 800 дан ошди. Хорижлик ҳамкорлар ва салоҳиятли инвесторлар билан музокаралар туфайли 7,5 миллиард долларлик 1,5 минг лойиҳа пакети шакллантирилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятимизда янги саноат зоналари учун жами 1641 гектар ер майдони ажратиб берилди. Бу имконият натижасида 2025 йил вилоят учун хорижий инвестицияларни жалб этишда энг самарали йил бўлади.

Ҳамкорликнинг дастлабки босқичида қиймати 2 миллиард долларга яқин 69 та лойиҳа бўйича манзилли ишлар ижросига киришилди. Хусусан, Хитой “Яшил қурилиш материаллари халқаро савдоси” уюшмаси билан “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси Қувасой шаҳри ҳудудидаги 100 гектар майдонда “Яшил қурилиш материаллари халқаро саноат зонаси”ни ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди. Лойиҳанинг биринчи босқичида 30 гектарда замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, қиймати 100 миллион долларлик 20 та ва кейинги босқичларда 1 миллиард долларлик 50 та лойиҳани жойлаштириш режалаштирилмоқда.
Янги саноат зоналарида истиқболли ва юқори даромадли иш ўрни яратадиган лойиҳаларни амалга ошириш учун барча туман, шаҳарлардаги салоҳиятли тадбиркор ва мутасаддилар Хитойга амалий сафарларга йўналтирилди.
Бувайда туманида 1210 гектар ер ҳисобидан 50 гектарлик саноат зонасини Хитойнинг “Женгжоу Ронг Ян Ронг” уюшмаси бошқарувига бериш бўйича музокаралар якунланиб, пластик буюмлар, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги техникалари, халқ истеъмоли моллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларини қамраб олган, қиймати 150 миллион долларлик 30 та лойиҳа жойлаштирилмоқда.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига дунё бозорига маҳсулот етказиб берувчи экспортчилар сони 551 тага етди. Олтиариқдаги “Sherakhun” корхонаси томонидан АҚШнинг “NetCost” озиқ-овқат савдо тармоғининг Нью-Йоркдаги нуқталарига анъанавий экспорт бозоридан юқори нархда, қадоқланган узум етказиш йўлга қўйилди. Ҳозир 8 миллион долларлик 72 тонна маҳсулот чет элга жўнатилди. “HAVVO GROUP” корхонаси томонидан 21 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари БАА, Қозоғистон, Украина, Россия давлатларига экспорт қилинди.

Бу йўналишдаги географик ҳудудлар кенгайиб бориши туфайли вилоят тадбиркорлари саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 70 га яқин мамлакатга экспорт қилмоқда.
2025 йилда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланган бўлиб, 6 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини бошлаш, 1,2 мингта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳамда 3,7 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган.
М.Сулаймонов, ЎзА