Бугунги янгиланиш жараёнларида жадидларнинг маърифатга йўғрилган ғоялари ҳар қачонгидан ҳам долзарб саналади. Буюк тараққийпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий жамиятни ҳур, озод, фаровон, миллатимизни эса билимли, зиёли кўришни орзу қилган. Беҳбудий мероси, унинг синовлар, турли мураккабликлар, мушкулотларга тўла ҳаёти ва фаолияти биз учун ҳали очилмаган мавзу, десак муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори маърифатпарвар аждодимизнинг ҳаёт йўлини ўрганишда янги уфқларни очишдек мақсадларни кўзлаши билан қимматли.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори ўринбосари, тарих фанлари доктори Дилноза ЖАМОЛОВА билан улуғ маърифатпарвар бобомиз таваллудининг 150 йиллигини нишонлашга оид ҳужжатнинг аҳамияти, Маҳмудхўжа Беҳбудий меросининг ўзига хос жиҳатлари хусусида суҳбатлашдик.
–Аввало, ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ХХ аср бошларида Туркистонда замонавий таълим тизимига асос солган, миллат озодлиги, халқ фаровонлиги учун курашган барча жадидларга, жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудийга эҳтиром кўрсатиб, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш ҳамда маънавий меросини чуқур ўрганиш бўйича оқилона ва адолатли ишлар қилинаётгани яхши маълум. 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномада давлатимиз раҳбари “...2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади. Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”, дея таъкидлади. Бу буюк алломанинг миллатимиз ва давлатимиз олдидаги тенгсиз хизматлари эътирофидир, албатта.
2020 йил 30 сентябрда Президентимиз 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан зиёлиларга қилган мурожаатида эса жадидчилик ҳаракати ва унинг йирик намояндалари ҳақида тўхталиб, уч жадид Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхоновни истиқлол, озодлик, эркинлик учун қилган фидокорлиги, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишдаги ҳиссаси учун “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланганини таъкидлади.
Ўз давридаёқ “Туркистон жадидчилик ҳаракати отаси” деб эътироф этилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қилган хизматлари эътироф этилиб, давлатимиз раҳбари томонидан муносиб тақдирланди.
Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор имзоланди. Бу ўзбекнинг улуғи, Туркистон жадидларининг отасига кўрсатилган юксак эҳтиром, эътибор ва унинг буюк хизматларини эътироф этишдир.
Қарорда Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш, таваллудининг 150 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида ташкилий қўмита тузилиши ва қўмита томонидан икки ҳафта ичида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши белгилаб қўйилди. Дастурда мутафаккир адибнинг “Танланган асарлар” тўплами, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-оммабоп китобларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида спектакллар саҳналаштириш ҳамда бугунги кунга қадар яратилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” киносериали ва “Халқ юраги” бадиий-публицистик фильмларининг оммавий намойишларини ташкил қилиш, умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари, “Темурбеклар мактаблари” курсантлари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Маҳмудхўжа Беҳбудий сабоқлари” мавзусида иншолар танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш, 2025 йил октябрь ойида “Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилиш, 2025 йил ноябрь ойида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган тантанали адабий-маърифий хотира кечасини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
– Умуман олганда, Маҳмудхўжа Беҳбудий феномени нималарда намоён бўлади, сизнингча? Бугунги кунда маърифатпарвар бобомиз ғояларининг долзарблиги нималарда кўпроқ акс этади?
– Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг энг йирик намояндаси, Туркистон жадидлари раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг байроқдори, янги мактабчилик назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургияси асосчиси, ношир, журналист Маҳмудхўжа Беҳбудий тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшади. Ўлкамизни босиб олган Россия империяси узоқ йиллар зўр бериб, уни турғун ва тутқун сақлашга уринаётган бир шароитда Ватанни бутунлай йўқ бўлишдан сақлаб қолиш, авлодларни озодлик ва мустақиллик руҳида тарбиялаш, маърифат ва тараққиётга бошлаш Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг издошлари зиммасига тушганди. Улар Туркистонда “Усули жадид”, “Усули савтия” номлари билан шуҳрат топган янги мактабларни ташкил қилиб, улардаги ўқитиш тизимини ислоҳ қилдилар. Хусусий мактаблар очиб, болаларга диний фанлар билан бирга аниқ ва табиий фанларни ўқитдилар, шеър ва мақолалари ҳамда саҳна асарлари орқали миллий онгни шакллантириш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар.
1903 йил аллома ташаббуси билан шогирдлари Сиддиқий Ажзий Ҳалвойи, Абдуқодир Шакурий Ражабамин қишлоғида, Ҳожи Муин Хўжа Нисбатдор маҳалласида жадид мактабларини очадилар. Беҳбудий мактаблар фаолиятини ташкил этиш билан бирга, улар учун “Рисолаи асбоби савод” (1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (1905), “Рисолаи жуғрофийойи Русий” (1905), “Китобат ул-атфол” (1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби дарслик ва қўлланмалар ёзади.
Беҳбудий 1908 йил “Қироатхонайи Беҳбудия” (кейинчалик “Беҳбудия” номи билан машҳур бўлган) кутубхонасини очади. Ушбу кутубхона икки навбатда – соат 9 дан 17 гача ва соат 18 дан 24 гача ишлаб, 60 дан 110 гача бўлган китобхонларга хизмат кўрсатган. Аллома “Самарқанд кутубхона исломияси” мақоласида кутубхонада 600 та китоб ва рисола, газета ва журналлар эса ундан ҳам кўп бўлганини ёзади. 1914 йилги саёҳати давомида Кавказ, Қрим, Туркия, Юнонистон, Булғористон, Австрия ва Германиянинг турли шаҳарларида бўлиб, у ерлардан ўз кутубхонаси учун жуда кўп китоб ва рисолалар олиб келади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий янги усул мактаблари фаолиятини ташкил этиш, дарсликлар ёзиш, кутубхона очиш билан чекланиб қолмаган. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бориш, миллат ва Ватан аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлиш учун 1913 йилдан матбуот ишларини йўлга қўяди ва шу йилнинг апрелидан “Самарқанд” газетаси ҳамда август ойидан “Ойина” журнали чиқа бошлайди. 1913 йил 17 сентябрда газетанинг 45-сони чиққан бўлиб, бир томондан, мустамлакачилар цензураси, иккинчи томондан, етарли маблағ бўлмагани сабаб тўхтатилади.
“Ойина” ҳафталик журнал бўлиб, унинг обуначилари нафақат Туркистон, балки Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркияда ҳам бор эди. 1915 йилгача нашр қилинган журналда Туркистон аҳолисининг ҳақ-ҳуқуқи, тарихи, тил-адабиёт масалаларига бағишланган ғоят муҳим мақолалар, баҳслар бериб борилган.
“Ойина” журнали таҳририятининг фаолияти мустамлакачилар томонидан доимий назоратда бўлган. Ўзбекистон Миллий архивида Туркистон ҳарбий округининг штаб бошлиғи имзоси билан Самарқанд вилоят ҳарбий губернаторига 1914 йил 19 август куни 100-хат юборилган бўлиб, унда Биринчи жаҳон уруши даврида “маҳаллий матбуотда Россия манфаатига зид мақолалар пайдо бўлиши мумкинлиги боис” Туркистон ҳарбий цензураси Самарқанддаги нашрларни назорат қилиб туришни штаб-капитани Отаевга топширади. “Ойина” журнали тўғрилама-қораламасидан кўчирма журнал босмадан чиқишига икки кун қолгунча цензурага юборилиши бош муҳаррир зиммасига юклатилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳарбий округга чақиртирилиб, унга ушбу “ўта махфий хат” остига “ўқидим ва маълумот учун қабул қилдим”, дея имзо чектирилади. Шу билан бирга, Туркистон генерал-губернаторлиги нашри “Туркистон вилоятининг газети”да миллий журналда чоп этилган фикрларга қарши чиқишлар кўпайтирилади. “Ойина” бош муҳаррири эса уларга муносиб жавоб бериб боради. Аммо журнал фаолиятини чеклаш учун олиб борилган узлуксиз ҳаракатлар ўз самарасини беради ва 1915 йилга келиб журнал фаолияти бутунлай тўхтатилади.
Аллома жамият ҳаётидаги иллатлар, нуқсонлар ва илмсизликни саҳнада кўрсатиш орқали халқни тараққийпарварликка даъват этиш мақсадида 1914 йил миллий театрга асос солади. Театр саҳнасида ижро этиш учун “Падаркуш” драмасини ёзади. Муаллиф “Миллий фожеа” деб атаган, 3 парда 4 манзарали бу драма ҳажман ихчам, мазмунан ниҳоятда содда ва тушунарли бўлиб, ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб, ўз отасини ўлдиргани, нодонлик ва жаҳолат ҳақида эди. “Падаркуш” дастлаб 1914 йил 15 январда Самарқандда, 1914 йилнинг 27 февралида Тошкентда саҳнага қўйилган. Ушбу саҳна асари Туркистонни жунбушга келтирган қирғинбарот йилларда ҳам саҳнадан тушмайди. Бу бир томондан миллатни маърифат ва тараққиёт сари ундаган бўлса, иккинчи томондан росмана ўзбек театри ва драмачилигининг майдонга келиши ҳамда тараққиётига хизмат қилади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этган бўлиб, ХХ аср бошидаги Туркистоннинг йирик сиёсий арбобларидан бири эди. 1907 йил Маҳмудхўжа Беҳбудий 2-Давлат думасининг мусулмон фракциясига 9 бўлим, 75 банддан иборат “Туркистон маданий мухторият” лойиҳасини тақдим этган. Аммо Россия империясига зид манфаатларни талаб қилиб чиққан лойиҳа қабул қилинмаган. Ушбу лойиҳа минтақа халқлари манфаатларининг ифодаси бўлиб, унда давлат ишларини туркий тилда юритиш, миллий идоралар ташкил этиш ва унга туркий миллатга мансуб зиёлилардан аъзолар сайлаш қатъий белгилаб қўйилган эди. Россия империяси таркибидаги мустамлака халқлар номидан Давлат думаси ўз билганича иш тутмаслиги, ҳар бир мамлакатнинг табиий, ижтимоий ва маданий шароитларидан келиб чиқиб қонунлар чиқарилиши кераклиги таъкидланган.
1917 йилнинг 16–23 апрелида Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон мусулмонларининг 150 вакили иштирок этган қурултойида Беҳбудий нутқ сўзлаб, миллатни ўзаро ихтилофлардан воз кечишга, буюк мақсад йўлида бирлашишга, иттифоқ бўлишга чақиради. “Ихтилофимиз сабабли мустамлакот қоидаси ила бизни идора этурлар”, деб очиқ айтади.
1917 йилда Туркистон жадидлари ўзларининг янги сиёсий ташкилотлари “Иттиҳоди тараққий” (Иттиҳод – арабча сўз бўлиб, уюшма, ташкилот деган маъноларни билдиради)га асос солдилар. “Иттиҳоди тараққий” совет ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатини танқид қилиш, ёшларни сиёсий фаоллаштириш ва мактаб ишларини ислоҳ қилиш билан машғул бўлган. Бу ташкилот ўз фаолиятини ташкиллаштиришда Туркиядаги “Иттиҳод ва тараққий” (1889-1918) ташкилотидан ёрдам сўраган ва 1919 йили Тошкентдан Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев ва Саидносир Миржалилов, Самарқанддан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мардонқул ва Муҳаммадқуллардан иборат махсус вакилларини Туркияга юборган.
Бу делегациянинг яширин топшириқ билан Туркистондан чиқиб кетишидан ЧК (совет ҳокимиятининг фавқулодда комиссияси) ходимлари хабар топган. Натижада Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев Москвада, Саидносир Миржалилов Тифлисда яширинишга мажбур бўлган. Маҳмудхўжа Беҳбудий Инқилобий фавқулодда комиссия (ЧК) айғоқчилари ёрдамида Шаҳрисабзда қўлга олинган. Орадан тахминан икки ой ўтгач, Қаршига келтирилиб, зиндонга ташланган. Бир неча кундан сўнг Қарши волийси Нуриддин Оғалиқ (Нуриддинхўжа Оғалиқ Аҳмадхўжа ўғли)нинг буйруғи билан (қатлномада амир муҳри бўлмаган) зиндон яқинидаги “подшолик чорбоғи”да қатл қилинган.
Беҳбудийдан қутулиш кимлар учун керак эди? Россия Бухоро амирлигини забт этишга жон-жаҳди билан интилаётгани, амирликнинг ҳам унга қарши курашга шай эканини ҳисобга олсак, Беҳбудийни йўқ қилишдан қайси тараф кўпроқ манфаатли эди, деган савол келиб чиқади. Ғирром сиёсатини мустаҳкамлаш учун советларнинг Беҳбудий сингари халқ ҳурматига сазовор кишиларга эҳтиёжи катта эди. Амирлик эса “Ёш бухороликлар”нинг жиддий кучга айланганини била туриб, Беҳбудийдек раҳнамони ўлдиришга ботина олмасди. Шу сабабли қулай имкониятни кутиш улар учун мақсадга мувофиқ эди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатл қилингани Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади. Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Садриддин Айний ва бошқа шоирлар алломага атаб марсиялар ёзганлар.
Кейинчалик Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Самарқандда фаолият юритаётган шогирдлари, сафдош ва маслакдошлари унинг қабрини излаб топиш, қотилларни аниқлаш ҳаракатига тушадилар. Улар “Самарқанд комиссияси”сини тузиб, Қаршига келганларида, бу пайтда ушр-солиқ назорати идорасининг бошлиғи бўлиб олган Нуриддин Оғалиқ уларнинг фаолиятига йўл қўймайди. Қарши шаҳридаги ҳукумат аъзолари эса унинг хоҳиш-иродасига қарши чиқолмаганлар.
Амирлик даврида юқори мансабда ишлаган Нуриддин Оғалиқнинг совет ҳукуматида ҳам ўз мавқеини сақлаб қолиши сабаби большевиклар билан ҳамкорликда ўзбекнинг улуғи Маҳмудхўжа Беҳбудийни йўқ қилиб юборгани билан боғлиқлигини ҳеч ким инкор этолмайди, албатта. У “Самарқанд комиссияси” фаолиятига йўл қўймай, “ёпиқлиқ қозон ёпиғлигича қолади”, деб ўйлайди.
Аммо 1923 йилнинг кузида БХСР ҳукумати тафтиш комиссияси Қарши вилояти солиқ идораси фаолиятини текширувдан ўтказади. Комиссия Нуриддин Оғалиқ ҳамда унинг сафдошлари катта қонунбузарлик ва жиноятга қўл урганларини аниқлайди. Чунончи, Нуриддин Оғалиқ ҳукуматнинг 42 минг пуд буғдойи ва 20 минг олтин қуймасини талон-торож қилганликда, меҳнаткашларнинг 1000-2000 тасини ярим оч, ярим тўқ ҳолатда ўз ерларида ишлатганликда айбланади. Бундан ташқари, буюк мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётига зомин бўлгани билан боғлиқ жинояти ҳам қўшилиб, суд Нуриддин Оғалиқни отишга қарор қилади.
Ҳукм 1923 йил 19 сентябрда Регистон майдонида 5000 аҳоли иштирокида амалга оширилади. “Бухоро ахбори” газетасида “Беҳбудий ва рафиқларининг ўлдирилишига сабаб бўлғон фуқаро ҳукуматининг молиға хиёнат қилган мазкур Оғалиқ 19 сентябрда (1923 йил) одил ҳукуматимиз томонидан отилди, демак, Беҳбудий ва рафиқларининг ўчлари олинди”, деб хабар беради.
Бухоро ҳукумати Қарши вилояти ижроқўми раиси Жўра Зокирий ҳамда Қарши вилоят фирқўми Назаров зиммасига Маҳмудхўжа Беҳбудий қабрини қидириб топиб, унинг ҳайкалини ўрнатиш вазифасини юклайди. Лекин бу мутасадди шахслар ўзларига юкланган вазифани уддалай олмаганлар. “Озод Бухоро” газетасининг 1923 йил 19 октябрдаги сонида “Туркистоннинг машҳур жамоат ходимларидан Беҳбудийнинг исмини умрбод (абадий) қолдирмоқ учун Бухоро Республикаси қурултойи Қарши вилоятини Беҳбудий вилояти деб исмламакка қарор берди”, деб хабар беради.
Қарши вилояти 1937 йилга қадар Беҳбудий вилояти деб аталган бўлиб, 1937 йил бошланган қатағонлар оқибатида вилоятдан аллома номи олиб ташланади. Ўзбекнинг барча зиёлилари сингари Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам миллат озодлиги ва тараққиёти учун курашгани учун советларнинг қора рўйхатидан ўрин олади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистоннинг забардаст ўғлони эди, унинг Туркистон халқи озодлиги, фаровонлиги, ободлиги учун қилган хизматлари бугунги кун учун ҳам ўрнак ва ибратдир.
– Кейинги йилларда мамлакатимизда жадидлик ҳаракатини ўрганиш, тараққийпарвар боболаримиз ҳаётини кенг тарғиб этиш мақсадида кўплаб саҳна ва экран асарлари яратилмоқда. Мазкур йўналишдаги бадиий асарлар, айниқса, спектакллар хусусида фикрингизни билмоқчи эдик.
– Бу албатта, яхши. Ҳозир экранларимизни ижтимоий ва оилавий муаммоларга қаратилган теленовелла, бадиий фильм ва сериаллар эгаллаб олган бир шароитда жадид боболаримизнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятига оид кўп қисмли фильмлар намойиш этилса, халқимизда миллий ғурур, ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғулари шаклланади.
Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, яратилаётган ҳар бир саҳна асари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар тарихчи олимлар, айниқса мутахассислар тақризидан ўтиши керак. Чунки халқимизга ҳаққоний тарихимизни етказишимиз зарур ва шарт деб ҳисоблайман.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова
суҳбатлашди.