Ўзбекистонда олий таълим логистика соҳасининг ривожида муҳим ўрин тутади. Замонавий иқтисодий шароитларда логистика ишларининг самарали амалга оширилиши учун мутахассисларнинг юқори даражадаги билим ва малакага эга бўлиши шарт. Олий таълим муассасалари талабаларга логистика, ташиш, таркибий тузилмалар ва таъминот тўғрисидаги асосий назарий ва амалий билимларни тақдим этади.
Шунингдек, Ўзбекистонда соҳага оид таълим дастурлари ва мутахассисларни тайёрлашга қаратилган ислоҳотлар, халқаро стандартларга мос таълим тизимининг яратилиши логистика соҳасини ривожлантиришга катта таъсир кўрсатмоқда.
Тошкент давлат транспорт университети Транспорт тизимлари бошқаруви факультетининг ёшлар масалалари бўйича декан ўринбосари Нодир Орипов билан “Ўзбекистонда логистика соҳасининг истиқболлари” мавзусида суҳбатлашдик.
– Нодир Қодирович, мамлакатимизда логистика соҳасининг ривожи қандай омилларга боғлиқ? Бунда олий таълимнинг ўрни қандай?
– Логистика соҳасининг равнақи кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, улар орасида инфратузилманинг ривожланиши, замонавий транспорт тизимларининг жорий этилиши ва рақамли технологияларнинг интеграцияси муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда логистик марказлар, янги терминаллар ва транспорт йўналишлари жадал ривожланмоқда. Бу омиллар, шубҳасиз, соҳадаги таълим бериш ва кадрлар тайёрлаш сифатининг оширилишини талаб қилади.
Логистика соҳасининг ривожида олий таълимнинг ўрни беқиёс, чунки замонавий логистика соҳасида мутахассислар ҳар томонлама билимларга эга бўлиши лозим. Олий ўқув юрти талабаларга фақат назарий билимларнигина эмас, балки муаммоларни ҳал қилиш, амалиётга асосланган тажрибаларни ҳам бериши зарур.
Олийгоҳимизда ушбу жиҳатлар ҳар томонлама инобатга олинган ҳолда, замон талабига монанд назарий, илмий ва амалий ўқитиш тизимлари амалга оширилаётир.Талабаларга мустақил ишлаш, замонавий рақамли ва техник муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини беришга катта эътибор қаратилмоқда.
– Умуман, ушбу соҳа бўйича саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз мустақиллигининг илк йилларидан бошланган. Ўтган даврда бу борада салмоқли ишлар қилинди. Шу эришилган натижалар узвийлигида университетда логистика йўналишидаги таълим жараёнлари қандай ташкил этилган?
– Дарҳақиқат, Ўзбекистонда логистика соҳаси мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида алоҳида аҳамиятга эга бўлган. 2000 йиллардан кейин логистика соҳаси жадал ривожланиб борди. Юртимизнинг халқаро савдо ва таркибий тизимларига бўлган талаблар ортиб, юқори сифатли транспорт инфратузилмасини яратишга эҳтиёж пайдо бўлди.
Давлатимиз логистика соҳасига алоҳида эътибор қаратди ва бу иқтисодий ривожланиш стратегиясининг ажралмас қисмига айланди. Янги логистика марказлари, терминаллар, ҳамкорликлар ва рақамли технологияларнинг жорий қилиниши ушбу йўналишнинг самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшди.
Шу билан бирга, логистика соҳаси халқаро миқёсда ривожланиб бораётгани учун Ўзбекистон замонавий ёндашувлар ва янги имкониятларни жорий этишга интилаётгани кўзга ташланади. Бугунги кунда логистика фақат транспорт ва ташиш соҳаси билан чекланиб қолмай, балки омборлаштириш, таъминот, рақамли воситалар ва автоматлаштириш каби кенг қамровли соҳаларни ҳам ўз ичига олади.
Саволингизга келсак,Тошкент давлат транспорт университетида 9 та факультет мавжуд бўлиб, улардан бири Транспорт тизимлари бошқаруви факультетидир.
Транспорт тизимлари бошқаруви факультети 6 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлайди. Улар қуйидагилар: “Темир йўлдан фойдаланиш ишларини бошқариш”, “Юк ташиш транспорт тизимлари”, “Транспорт логистикаси”, “Транспортнинг интеллектуал муҳандислик тизимлари”, “Йўл ҳаракатини ташкил этиш” ва “Техносфера хавфсизлиги”.
Ҳар бир йўналишда талабалар йўналишларига мос равишда ишлаб чиқилган ўқув ҳамда амалиёт дастурлари асосида таълим берилади. Масалан, “Транспорт логистикаси” ва “Юк транспорт тизимлари” йўналишлари талабалари асосан автомобиль ҳамда темир йўл транспорти логистикаси бўйича мутахассислик фанларини ўқиб, ишлаб чиқариш амалиётларини логистика марказларида ўтайдилар. Бу, ўз навбатида, уларга транспорт логистикаси бозорида талаб юқори бўлган мутахассислар бўлиб етишишларига ёрдам беради.
Факультетимизда ҳозирги кунда кундузги таълим шаклида 1530 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга 100 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи таълим беради. Айтиш жоизки, ҳар бир йўналиш бўйича малакали педагоглар, шунингдек, соҳадаги етакчи мутахассислар дарс беради. Бундан ташқари, логистика компаниялари билан ҳамкорлик қилинади. Бу эса талабаларнинг олган назарий билимларини амалиётга татбиқ этиш имкониятини бермоқда.
– Олийгоҳ биноларининг ўзига хослиги, тарихий аҳамияти ва унинг ҳудудидаги яшиллик ҳар қандай инсоннинг эътиборини ўзига тортади. Шу ўринда, мазкур олийгоҳ тарихига ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Тошкент давлат транспорт университети Президентимизнинг 2020 йил 4 майдаги қарорига асосан ташкил этилган. Автомобиль, темир йўл ва авиация транспорти йўналишлари бирлаштирилиб, Тошкент давлат транспорт университети шакллантирилди.
Лекин ушбу бинонинг тарихи 1931 йилга бориб тақалади. Айнан шу йили у Ўрта Осиё темир йўл транспорти муҳандислари институти сифатида ташкил этилган. Кейинчалик эса Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти деб аталган. Институт таркибида 5 та факультет мавжуд бўлган. Бу институт ўз вақтида Ўзбекистонда темирйўл тармоғини ривожлантиришда катта ўрин тутган.
Тўғри таъкидладингиз, университет бинолари ҳам 1931 йилда қурилган. Унинг архитектураси, дизайни чиндан эътиборни тортади. Буни қарангки, биз бу бинолардан қарийб бир асрдан буён унумли фойдаланамиз. Вақти билан бу ерда мунтазам таъмирлаш ишлари олиб борилган ва улар замонавийлаштирилган.
Университетимиз ҳудуди кўкаламлаштирилган, кўп йиллик дарахтлар эса бу ерга ўзгача тароват бахш этади.
– Сизнинг бевосита фаолиятингиз ёшлар билан боғлиқ. Айтингчи, талабаларнинг бўш вақтини унумли ташкил этиш учун факультет томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Университетда талабаларнинг ижод ва спортга бўлган қизиқишини қаноатлантириш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилиб, спорт ва илмий тўгараклар ҳам фаолият кўрсатмоқда. Ушбу тўгаракларга хоҳиш билдирган ҳар қандай талаба аъзо бўлиб, унда иштирок этиши мумкин.
Университетимизда ҳар йили анъанавий тарзда “Талабалик баҳори” фестивали ўтказилади. Бу фестиваль талабаларнинг ижодий қобилиятларини намоён қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга катта ҳисса қўшади. Бундан ташқари, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ва “Талабалар лигаси” спорт мусобақалари ҳам ёшларни жисмонан ва интеллектуал жиҳатдан ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Бу йилги “Талабалар лигаси” ўйинларида факультетимиз талабалари фаол иштирок этиб, университетда фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Бу каби тадбирлар уларга тенгдошлари билан рақобатлашиш, ўзаро тажриба алмашиш ва лидерлик қобилиятларини намоён этиш имкониятини беради.
Мухтасар айтганда, талабаларнинг академик ва ижодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг илмий ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Асосий мақсадимиз эса логистика соҳасида рақобатбардош мутахассислар етиштиришдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EgFJoQBUwkE" title="O`zbekiston logistika sohasida zamonaviy yondashuvlar va imkoniyatlarga intilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.