Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри жамоаси томонидан Тошкент шаҳридаги Марказий арча майдонида Янги йил томошалари намойиш этилмоқда.
“Қорқизни ким ўғирлади?” томошаси мусиқий чиқишлар ва эртакнамо саргузаштларга бой бўлиб, болаларда байрамона кайфият уйғотади. Томошадаги қорбобо, қорқиз, ялмоғиз кампир ва сеҳргар образлари эртаклар асосида яратилган.
Ушбу театрлаштирилган томошанинг муаллифи ва режиссёри - Муҳайё Муртазоева. Кўча спектаклида Абдумаъруф Қодиров, Ҳакима Отахонова, Ёдгора Зиёмуҳаммедова, Раҳматилла Қурбонов ва бошқа актёрлар иштирок этмоқда.

-Янги йил катталардан ҳам кўра кўпроқ болажонларнинг байрами,- деди театр адабий бўлим мудири Достонбек Раҳматуллаев. - Улар эртакларга ишонишади. Қорбобо ва қорқизнинг келишига, совғалар улашиб, байрам билан табриклашларини интиқ бўлиб кутишади. Театр жамоамиз томонидан янгича йўналишда, эртакнамо тарзда яратилган “Қорқизни ким ўғирлади?” спектакли болажонларимиз учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлмоқда. Уларнинг кўзларидаги қувончни кўриб, актёрларимиз янада катта шижоат билан саҳнага чиқадилар.

Байрам томошалари 26 декабрдан бошланган бўлиб, 5 январга қадар ҳар куни намойиш этилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри биносида эса Янги йил байрами учун қорбобо ва қорқиз чиқишлари билан бирга, “Game over” ва “Дюймовочка” спектакллари намойиш этилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА