
Бугун Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш билан боғлиқ бўлган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги экологик вазият инсоният саломатлиги ва тақдирига катта таъсир кўрсатмоқда. Бу эса ҳар биримиздан экологияни асраб-авайлашни, экологик маданиятимизни оширишни тақозо этади.

Экология соҳасида жамоатчилик фаоллари сафи кенгайиб бормоқда. Бир миллионга яқин экофаоллар орасида кўнгилли тарзда волонтёрлик қилиб келаётганлар анчагина. Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 100 дан ортиқ экологик нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.

Экофаоллар сафини янада кенгайтириш, юртимиздаги барча фуқароларни экологияни асрашда фаоллик кўрсатишга чақириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда жамоатчилик иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш кўзда тутилмоқда.

Ушбу унвоннинг таъсис этилиши табиатни асраб-авайлаш, биохилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва тизимда алоҳида ташаббус кўрсатган шахсларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Экопартия депутатлари мазкур қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилиб, қўллаб-қувватладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА