Давлатимиз раҳбарининг жорий йил июль ойида имзолаган “Волейбол спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда ушбу спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш тизимини яхшилаш, унинг замонавий спорт инфратузилмасини яратиш, миллий терма жамоаларимизнинг халқаро мусобақаларда натижадорликка эришишини таъминлаш устувор вазифалардан бири саналади.
Шу маънода ўтаётган йил давомида мазкур вазифалар ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Маълумки, маҳоратли спортчиларни тайёрлашда малакали мураббийларнинг ўрни беқиёс. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон волейбол федерацияси Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан малакали волейбол мутахассисларини тайёрлаш масаласида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтирмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов, Ўзбекистон волейбол федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, ўқитувчи-мураббийлар иштирок этган тадбирда қарор ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда иштирок этган волейбол бўйича олий тоифали мураббий, қатор хорижий давлатларда терма жамоа бош мураббийи сифатида фаолият юритган сербиялик тренер Бранислав Моро мамлакатимизда ушбу спорт турини янада оммалаштириш учун етарли имкониятлар мавжудлигини, ёшлар орасида ўнлаб талантлилар борлигини таъкидлаб, машғулотлар жараёнларига илмий жиҳатдан ёндашиш зарурлигини билдириб ўтди.

Муҳокамаларда иштирок этган Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев, Жамоат хавфсизлиги департаменти бўлим бошлиғи Анвар Мўйдинжонов маҳаллаларда, мактабларда, олий таълим даргоҳларида, ташкилот ва корхоналарда волейбол мусобақаларини кўпроқ ўтказишни йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади. 2025 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта волейбол бўйича Марказий Осиё волейбол ассоциацияси (CAVA)га аъзо давлатлар ўртасида ”Буюк Ипак йўли” халқаро турнирини ташкил этиш йўлида олиб борилаётган тайёргарлик масалалари хусусида сўз юритди.
Тадбир якунида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан Ўзбекистон волейбол федерацияси ўртасида ўқув-машғулотлар, илмий-услубий ва инновацион технологиялар асосида волейбол спорт турини янада такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Т.Рўзиев, ЎзА