
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва келгуси йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқот бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ишбилармонларини ҳамиша олға интилишга чорлайди. Чорловда эса қатъият бор, ҳуқуқий асослар яратилган. Бугун тадбиркорлар ортларида Президент турганини ҳис қилиб турибди. Бу ҳис эса уларга рағбат, янги марраларга эришишга куч бўлмоқда.
Мулоқотдан сўнг биз суҳбатлашган тадбиркорлар буни алоҳида таъкидлади.

– Кейинги йилларда Президентимизнинг бундай мулоқотларни ўтказиши яхши анъанага айланди, – дейди Андижон вилоятидаги “Равон Тараққиёт Орзуси” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Абдулҳошим Исмоилов. – Учрашувлар соҳадаги масалаларни ҳал этиш, таклифлар муҳокама қилиниши ва янги имкониятлар яратиши билан катта фойда бўляпти. Корхонамиз чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бугун чарм саноати ҳам мамлакатимизда драйверга айланяпти, корхоналар сони ортяпти. Кафолатланган хомашё билан таъминланиш тизими йўлга қўйиляпти. Бу шунчаки гаплар эмас, иқтисодий ривожланишга ва аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшяпти. Масалан, биргина бизнинг тадбиркорлик тизимида мингга яқин одам доимий иш билан банд. Тўққиз миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиняпти. Бугунги мулоқотдан кейин янада шижоат ва кучга тўлганимизни ҳис қиляпмиз. Марраларимиз улкан.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик муҳити бутунлай янгиланди. Имконият эшиклари очилди. Ундан самарали фойдаланаётган ишбилармонлар эса чин маънода элга мададкор бўлмоқда. Ишбилармон аёллар сони ҳам ортмоқда.

– Кейинги олти-етти йилда юртимизда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши сезиларли ошди, – дейди молиявий эксперт Шоҳида Иброҳимова. – Ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайган. Ўз бизнесини йўлга қўйган аёллар сони 205 минг нафардан ошган. Қанчадан-қанча касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиган опа-сингилларимиз янги иш ўринлари билан таъминланди. Ўзим ҳам хотин-қизларга молиявий саводхонлик бўйича сабоқ бераман. Шу йилги машғулотларимизда ўн олти минг нафардан ортиқ тингловчи иштирок этди. Бу лойиҳалар бесамар кетмади, уларнинг кўп қисми ўз бизнесларини бошлади. Бу ишларнинг барчаси – катта натижалар мамлакатимизда тадбиркорлик муҳити йилдан-йилга яхшиланиб бораётганининг натижаси деб биламан.
Мулоқотда Президентимиз тадбиркорларни тинглар экан, уларнинг соҳа ривожига доир кўплаб таклифларини қўллаб-қувватлади. Янги йил остонасида ташкил этилган бу тадбир ишбилармонларга келгуси йил учун режаларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.
[gallery-20962]
Икром АВВАЛБОЕВ, Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА