Орамиздаги одамлар
"Асалчилик ҳам паррандачилик, қуёнчилик каби сердаромад соҳа ҳисобланади. Бунга ўз ҳаётий тажрибам асосида гувоҳ бўлдим", дейди умрининг салкам 20 йилини матбаа соҳасида, 30 йилини эса "Сирдарё ҳақиқати", "Гулистон янгиликлари" газеталарида фотомухбир бўлиб ўтказган, айни вақтда нафақа гаштини сўраётган Нарзулла Файзуллаев.
–Отам чўлни ўзлаштириш даврларида Сирдарёга, ҳозирги Боёвут туманининг Деҳқонобод маҳалласига кўчиб келган. Умрининг катта қисмини чўлни ўзлаштиришга бахш этди. Сувчи, бригадир бўлиб ишлади. Меҳнаткашлигимизнинг, қандай юмуш бўлмасан, ўша ишнинг бошини тутишимизнинг ҳам асли сабаби шундан.
Нарзулла Файзуллаев босма ишлари ҳозиргидек замонавийлашмаган, яъни компьютерлашмаган бир даврда босмахонада, сўнг газета таҳририятида ишлади. Кўп топмади, аммо чор-атрофидаги одамлардан кам бўлмади. Қора қозони мақтов даражада қайнамаган бўлса-да, вилоят, туман даражасида қай бир тадбир бўлмасин ҳамиша ҳозир, "ҳарбий хизматчи"лардек шай ҳолатда турди.
– Шу орада бирин-кетин фарзандларим Лола, Исроил, Исмоил, Иброҳим туғилди. Турмуш ўртоғимнинг танлаган, ишлаб турган касбимдан озгина норози бўлган кунлари ҳам бўлган. Аммо тақдир- насиба. Сизнинг айтганингиз эмас, яратувчининг айтгани бўларкан,–дейди у.
Бугун унинг катта фарзанди Мудофаа тизимида, ўртанча ўғли Қўриқлашда ишлайди, кичик ўғли эса ёнида. Энг муҳими, қизни узатган, ўғил фарзандларини уйлаган. Бир-биридан ширин набиралари бор. Бобо ва буви учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Чунки, у бунга ҳалол меҳнати, ўз касбига фидойилиги, элнинг дуосини олганлиги сабаб эришди.
– Бундан саккиз йиллар муқаддам нафақага чиқдим. Ана шундай кунларнинг бирида узоқ йиллар мобайнида тутган кундалигимни варақладим. Кўзим эса, боёвутлик асалчининг исми шарифи, қўл телефони рақами ёзилган ёзувга тушди. Нафақада бўлсам-да, қўнғироқ қилдим. Нафақага чиққанимни, асаларичилик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлаётганимни айтдим. Тажрибали асалчига сўзим маъқул бўлди чоғи, у ўзининг жўяли маслаҳатларини берди, – дейди Н. Файзуллаев.
Ўйлаб ўтиришга, мушоҳада этишга вақт йўқ эди. Боёвутлик асалчининг маслаҳати асосида олдинига эрмак дея бир- икки қути асалари сотиб олди. Бошида қийинчилик бўлмадимас бўлди. Аммо интернетнинг фойдаси кўп тегди. Асалари парваришлашнинг сир- синоатини ўрганиб, унга меҳри тушди.
Аввалига икки қути асал билан фаолиятини бошлаган матбуот соҳасидан чиққан асалчининг бугун 40 қутидан ошиқ асалариси бор. Бир мавсумда бир қутидан 20 дан 25 килограммгача экологик тоза асал маҳсулотини оляпти. Даромад ҳам шунга яраша.
–Менга ёқадигани асалари уясини очганда ундан тараладиган хушбўй ҳид. Саломатлигимнинг, ҳаётга бўлган қизиқишимнинг ҳам асл моҳияти шунда,–дейди Нарзулла Файзуллаев.–Тўғрисини айтганда, асалариларни қиш ойида парваришлаш бироз қийин кечади. Эрта баҳорда эса асалариларимни олиб Зоминга, унинг тоғ ён бағрига бораман. Чунки, дов-дарахтлар гуллаган, майсалар бўй кўрсатган бўлади. Ариларим ундан куч- қувват олади. Бу мавсумда асалари унча кўп асал тўпламаса-да, куч тўплайди, кўпаяди. Лекин пахта, ёнтоқ гулга кирганда асаларилар кўп миқдорда асал тўплайди. Уни парваришлашнинг қийин томони эса, ари канаси. Уни ўз вақтида аниқлаб, қарши чора қўлламасангиз, асал арилардан айрилиб қоласиз. Чунки, асалари канаси катта эмас, жуда кичкина, аниқлаш бироз қийин кечади. Қолаверса, каналаган асалари учолмай қолади. Буни шундан сезсангиз ҳам бўлади. Бундан ташқари, митти "кўк қўш" арининг катта кушандаси. Ана шулардан ҳимоя қилсангиз, асал арилардан кутилгандан кўпроқ асал олса бўлади.
[gallery-20903]
Бугун Нарзулла Файзуллаевнинг эрмак қиладиган иши, фарзандлари, севимли набиралари бор. Улар ҳам отаси, бобосидек асалариларга меҳр қўйган. "Рўзғордаги тўкинчилик, тан соғлиғи асалариларим тўплаган асалдан" дейди у.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири