
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида “Ватанпарварлик” ойлигига старт берилди.
Тинч, осуда ҳаётимиз қўриқчилари шарафланадиган ойлик Термиз шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб ҳарбий оркестрнинг мусиқий садолари остида ҳарбий парад билан бошланди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Жанубий оператив қўмондонлиги, вилоятдаги куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, Термиз, Какайди ва Хайробод гарнизонларидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган мард, жасур ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбир қатнашчилари Термиз шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғида саф тортди.

Унда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Д.Абдураҳимов ҳамда бошқалар Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз қудратини янада оширишга қаратилаётган юксак эътибор тинч, фаровон ҳаётимиз бунёдкори бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Ёш авлодни ҳозирги ҳарбий хизматчилардек довюрак, ботир, жонажон юртимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга қодир этиб тарбиялаш барчанинг муқаддас бурчи эканини қайд этди. Тадбир қатнашчиларини яқинлашиб келаётган Янги йил ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 33 йиллик байрами билан қутлади.


Тадбир доирасида замонавий миллий армиямизнинг қудратини кенг намоён этган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, тимбилдинг ва бошқа спорт беллашувлари, психологик тренинглар ўтказилди. Ҳарбий хизматчилар қўл жанги саҳнасини, фахрий қоровул кўргазмали чиқишларини намойиш этди. Ҳарбий оркестр жамоаларининг Ватан, тинчлик ва фаровон ҳаёт тараннум этилган куй-қўшиқлари барчага байрамона кайфият улашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири