2024 йил 6 декабрда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Ушбу қонун жамият ва давлат учун қанчалик аҳамиятли? Қонун ижросини самарали ташкил этиш учун нима қилиш керак?
Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев билан шулар ҳақида суҳбатлашдик.
– Ушбу қонуннинг қабул қилиниши жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупция ва шу каби бошқа салбий ҳолатларни бартараф этиш каби мақсадларга манфаатлар тўқнашувини тартибга солмай эришиб бўлмайди.
Мазкур қонунда манфаатлар тўқнашуви, у билан боғлиқ муносабатларнинг тартибга солиниши, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этишга ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашга доир чоралар, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш чоғидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар каби масалалар акс этган.
Жамият ва давлат учун бу нима беради? Бу, аввало, ҳар қандай соҳадаги ривожланишга тўсиқ бўлаётган иллат – коррупция ҳолатларининг олдини олади. Шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши йўлидаги хатти-ҳаракатларини бартараф этади. Муҳими, давлат бюджети ноқонуний ўзлаштирилишининг олди олинади. Давлат ташкилотларида меҳнат муносабатлари ва давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади.
Қонун кимларга нисбатан татбиқ этилади?
– Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши
50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.
Шунингдек, мазкур қонун ўз устав фонди (устав капитали)да давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан фақат уларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига татбиқ этилади.
– Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимларига қандай чекловлар ўрнатилди?
– Қонун билан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларига нисбатан чекловлар белгиланди. Жумладан, ходимлар шахсий наф олишга, манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги ахборотни ошкор этиш чоғида маълумотларни яширишга, бўйсунувчи ёки назоратидаги ташкилотларда ўриндошлик бўйича ишлашга, тижорат ташкилотларининг таъсисчиси бўлишга, ўзи меҳнат фаолиятини амалга ошираётган давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг назоратида бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектининг акцияларига ёки устав фондидаги улушларига эгалик қилишга, унинг бошқарув органи аъзоси бўлишга, ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ўзига ёки ўзига алоқадор шахсларга тааллуқли бўлган ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этишга, ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган ташкилотнинг мол-мулкини сотиб олишда ёки ижарага олишда ўзи иштирок этишга ҳақли эмас.
– Манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари қандай аниқланади?
– Қонунда манфаатлар тўқнашувини аниқлаш бўйича қоидалар назарда тутилган. Унга кўра, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари: эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациядан; давлат харидлари жараёнида олинган таклифлардан, харид комиссияси мажлисларининг баённомаларидан, тузилган шартномалардан; манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги мурожаатларидан ёки хабарларидан; тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефициарлари) рўйхатларидан; Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модулидан; «ФҲДЁ Ягона электрон архиви» ахборот тизимидан; «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро аппарат-дастурий мажмуидан; Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан; махсус ваколатли давлат органи томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича киритилган тақдимнома асосида аниқланади.
– Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонунга риоя этилишини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ қандай ишларни амалга оширмоқда?
– Мазкур ишчи гуруҳ томонидан қонунни амалга ошириш бўйича намунавий дастур ишлаб чиқилиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва унинг талабларига риоя этилиши бўйича семинарлар ўтказилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқитиш режа-жадвали ва “Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш” мавзуси бўйича қисқа муддатли курснинг ўқув дастури тасдиқланди.
Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот материаллари тўплами (аннотация, слайд, инфографика) тайёрланиб Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими орқали 86 вазирлик ва идорага, 9 минг 455 маҳаллага ҳамда ҳудудий адлия органларига етказилди.
Қонунда белгиланган талабларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларида риоя этилиши бўйича ўрганишлар ўтказилди ва аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилди.
–Ҳокимликларда ўрганишлар ўтказилгани ҳақида гапирдингиз. Ушбу ўрганишларда нималар аниқланди ва улар бўйича қандай чоралар кўрилди?
– Ўрганишлар давомида бир қатор ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари тадбиркорлик субъектларида таъсисчилар сифатида иштирок этаётгани аниқланди. Аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини бартараф этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига кўрсатма хатлари ва огоҳномалар юборилди.
– Қонун қабул қилинганидан сўнг давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ҳам ишлар амалга оширилдими?
– Албатта, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқитиш режа-жадвали ва “Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш” мавзуси бўйича қисқа муддатли тематик курснинг ўқув дастури тасдиқланди. Ҳозирги кунга қадар 42 давлат органи ва ташкилотларининг 7,3 мингга яқин ходими масофавий шаклда ўқитилиб, билим ва малакаси оширилди.
Шу билан бирга, қонун мазмун-моҳияти юзасидан тест саволлари ишлаб чиқилиб, вазирликнинг махсус “test.adliya.uz” сайтига жойлаштирилди ва давлат органлари ва ташкилотлари бошқарув ходимларининг тест синовларида иштироки таъминланди.
Миллий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан махсус ўқув - тренинглар режа - жадвали тасдиқланди ва ННТлар вакиллари учун онлайн ўқув-семинар, ОАВ вакиллари учун махсус ўқув-тренинглар ташкил этилди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари учун “Манфаатлар тўқнашуви тушунчаси ва уни ҳал қилиш чоралари” мавзусини ўз ичига олган махсус ўқув курслар ташкил этилди. Бугунги кунга қадар ушбу курсларда 5 минг 420 нафар маҳалла раиси ўқитилди.
Германиянинг К. Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Осиёда қонун устуворлиги дастури билан ҳамкорликда “Давлат муассасаларида коррупциянинг олдини олиш соҳасидаги тизимли ислоҳотлар асосида юридик кадрларнинг малакасини ошириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
– Қонуннинг қабул қилиниши бошқа қонунчилик ҳужжатларига қандай таъсир қилади?
– Мазкур қонун қабул қилинганидан кейин Адлия вазирлиги томонидан бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда қонунчилик ҳужжатлари хатловдан ўтказилди. Натижада “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонундан келиб чиқиб айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ва Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
– Ҳозирда коррупциявий ҳолатлар ёки жиноятларни аниқлашда жамоатчилик иштирокидан кенг фойдаланилмоқда. Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлашда жамоатчиликнинг иштироки қанчалик муҳим?
– Албатта, қонуннинг амалиётда кенг қўлланилишини таъминлашда жамоатчиликнинг иштироки жуда муҳим. Қонуннинг ўзида ҳам давлат органлари ва ташкилотларга манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда ўрнак бўлаётган ходимларни рағбатлантириш чораларини кўриш бўйича қоида назарда тутилган. Шунга асосан Адлия вазирлиги тизимида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда ўрнак бўлаётган адлия органлари ва муассасалари ходимларини рағбатлантириш бўйича адлия вазирининг тегишли буйруғи қабул қилинди.
Бу каби ишлар бошқа давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши лозим. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлашда фаол ёрдам берган шахсларни рағбатлантириш тартиби ва миқдорларини белгилаш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар ва манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг намунавий шакллари тасдиқланди.
– Қонунда белгиланган қоидаларга риоя қилмаслик қандай жавобгарликка сабаб бўлади?
– Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норма Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилди. Унга кўра, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида хабар бермаслик БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Кодексда давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахсига маълум бўлиб қолган, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаслик учун ҳам жавобгарлик белгиланди.
Юқоридагилар билан бир қаторда қонунни амалиётга кенг жорий қилиш бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, манфаатлар тўқнашувига қарши бутун жамият биргаликда курашиши яхши самара беради. Шу сабабли фуқароларимизни ушбу масалага бефарқ бўлмасликка чақирамиз.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова суҳбатлашди.