
Ахборот технологиялари ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига жадал суръатларда кириб келди. Иш жараёнлари, молиявий ҳаракатлар, ижтимоий мулоқотлар, онлайн савдо – умуман ҳар қандай электрон операциялар орқали қимматли вақтимиз тежалмоқда.
Бу қулайликлар билан бирга ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг сони ва хавфи ҳам ортиб бормоқда.
Бундай фирибгарликларнинг янги шакллари – “фишинг“ ҳужумлари, қалбаки веб-сайтлар ва зарарли дастурлар орқали маълумот ўғирлаш кенг тарқалмоқда. Улар шахсий маълумотларингизни қўлга киритиш ёки молиявий зарар етказиш учун турли усуллардан фойдаланади.
Мавзу юзасидан Тошкент шаҳар ИИБ Ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Сагдуллевнинг фикрлари билан қизиқдик.
– Жиноятларнинг асосий қисми инсонларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларининг етишмаслиги сабабли содир бўлади. Масалан, сўнгги пайтларда фирибгарлар банк ёки бошқа ишончли ташкилот номи остида электрон хатлар ёки SMS хабарлар юборишмоқда. Улар шахсий маълумотларингизни ёки карта реквизитларингизни беришингизни талаб қилади. Ҳатто бир босқичли ҳаволалар орқали қурилмангизга зарарли дастурлар ўрнатилиши ҳам мумкин.
Бу каби алдовлар қурбонига айланмаслик учун оддий қоидаларга амал қилиш лозим.
Шахсий маълумотларингизни ҳеч қачон номаълум шахслар билан бўлишманг. Банк ёки бошқа ташкилотлар ҳеч қачон SMS ёки қўнғироқ орқали сиздан шахсий маълумотларни сўрамайди. Паролларингиз мураккаб ва турли белгилардан иборат бўлиши керак. Ҳар бир онлайн хизмат учун алоҳида пароллар яратиш тавсия этилади. Икки босқичли аутентификация орқали шахсий ҳисобларингизни янада хавфсиз қилишингиз мумкин. Шунингдек, қурилмаларингизда замонавий антивирус дастурлари ўрнатилган бўлиши лозим.
Ҳақиқий воқеалар ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг аҳамиятини янада яққол кўрсатади. Бугунги кунда кўплаб юртдошларимиз турли хил номаълум ҳаволаларни босиб, пластик карталари ҳисобидаги маблағларини осонлик билан ўғирлатмоқда.
Бу ҳавола орқали фирибгарлар юртдошларимизнинг қурилмаларига зарарли дастур ўрнатиб, шахсий маълумотларни ҳам қўлга киритишмоқда. Бу каби ҳолатлардан сабоқ чиқариб, хавфсизлик қоидаларига амал қилиш кибержиноят қурбонига айланишдан сақлайди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда туман ИИО ФМБлардан бириктирилган ходимлар томонидан жорий йилнинг 11 ойи давомида кибермаконда содир этиладиган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли билан учрашувлар ўтказилди. Улар орқали эса 74 минг нафарга яқин аҳоли қамраб олинди.
Ташвиқот ва тарғибот тадбирлари доирасида жами 408 минг 960 та турли шаклдаги материаллар тарқатилиб огоҳликка чорланди.
Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш кучайтирилмоқда. Қонунчилик базаси такомиллаштирилиб, интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда. Бу каби чора-тадбирлар эса фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
ЎзА