Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 ноябрдаги “Йўл ҳаракати қоидаларига пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорига кўра, “Баланд пиёдалар ўтиш жойи” йўл белгиси жорий этилмоқда.
Шу боис эндиликда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларининг ёритилган ҳамда юқори тезлик соатига 30 километргача чеклов жорий қилинган участкаларида, турар жой даҳаларидаги кўриниш чекланган чорраҳаларда, болалар майдончалари ҳамда таълим ташкилотлари олдидаги йўл участкаларида, оммавий дам олиш жойлари, стадионлар, вокзаллар, савдо марказлари ва бошқа одам кўп тўпланадиган жойларда, кўчаларнинг 1.21. «Болалар» йўл белгиси таъсиридаги қисмларига «Баланд пиёдалар ўтиш жойлари» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқлари ўрнатилади.


Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда икки ой муддатда, таҳлиллар асосида, 2025–2026 йилларда «Баланд пиёдалар ўтиш жойлари» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқларини ўрнатиш зарур бўлган жойлар рўйхатини тасдиқлайди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА