Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида бир қатор қонунлар дастлабки тарзда муҳокама этилди.
Хусусан, “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун билан кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўлаб бериш учун Омонатларни кафолатлаш агентлигининг фаолияти такомиллаштирилмоқда.
Қонунда кафолатлаш объектлари, кафолатланган омонатлар миқдори ва улар бўйича компенсация тўлаш тартиби, миқдори, тўлаб беришнинг умумий принциплари ва омонатчиларнинг ҳуқуқлари акс этган.
“Микромолиялаштириш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан банк хизматларини рухсат этилган шартлар асосида кўрсатиш ваколатига эга бўлган юридик шахс – микромолия банклари институти жорий қилинади. Қонун микромолия банки билан боғлиқ тушунчалар, унинг фаолият турларига оид нормалар билан тўлдирилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шаклида ўқиётган ходимлар учун бериладиган ўқув таътил кунларини аниқлаштириш, шунингдек, ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли ходимни ишдан бўшатишга тақиқ жорий этилишига доир нормалар белгиланмоқда.
Ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахснинг паспорти ёки ID-картаси, меҳнат дафтарчасига оид маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари мустақил равишда идоралараро интеграциялашув платформалари орқали сўраб олиши белгиланмоқда.
***
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг хорижий инвестициялар ва туризм масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари учун ўқув семинари ўтказилди.
Унда Сенат ва маҳаллий кенгашлар олдида турган долзарб вазифаларга эътибор қаратилди. Хусусан, соҳага оид қонунларни кўриб чиқишда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишини таъминлаш учун маҳаллий кенгашлар депутатларининг фикрларини, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларини ҳисобга олиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Семинарда Сенат томонидан маҳаллий кенгашлар учун ишлаб чиқилган услубий қўлланма тақдимоти ўтказилди. Ушбу қўлланма доимий комиссияларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш, асосий йўналишлари бўйича аниқ режаларини белгилаш, ваколатлари доирасида муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва аниқ натижаларга эришишда амалий ёрдам беради.
***
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталарининг қўшма мажлисида Андижон, Жиззах, Наманган ва Хоразм вилоятларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан ушбу ҳудудлар ҳокимликлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Таъкидланганидек, ушбу ҳудудлар бюджетига тушумларни кўпайтириш, солиқ базасини кенгайтириш, солиқларни йиғиш самарадорлигини ошириш орқали январь-сентябрь ойларида жами 8,7 триллион сўм тушум белгиланган бўлиб, амалда прогноз кўрсаткичлари Андижон вилоятида 103 фоизга, Жиззах вилоятида 103,1 фоизга, Наманган вилоятида 104 фоизга, Хоразм вилоятида 104,9 фоизга ижро этилган.
Мазкур ҳудудларда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фаолият кўрсатмаган ва фаолиятини вақтинча тўхтатиб қўйган 12 минг 306 корхонанинг фаолияти қайта тикланиб, тадбиркорларга яратилган имкониятлар натижасида 13 минг 51 янги корхона ташкил этилган.
Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида қиймати 5,6 триллион сўмлик 1 минг 94 лойиҳа ишга туширилгани натижасида 54 минг 736 янги иш ўрни яратилган.
Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида ушбу ҳудудларда 1 триллион 691 миллиард сўм ўзлаштирилгани ҳисобига 4,3 минг км автомобиль йўллари реконструкция қилинган ва таъмирланиб фойдаланишга топширилган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар ҳудудда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга камчиликлар ҳамда ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, 2024 йил январь-сентябрь ойларида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши режаси Олтинкўл туманида атиги 58,8 фоизга ижро этилган. Зафаробод туманида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш суръатлари (88,4 фоиз) таъминланмаган.
Сенаторлар томонидан бу борада амалга ошириш лозим бўлган ишлар юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА