Ватанимиз тарихидаги 5 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1842 йил (бундан 182 йил олдин) – Оллоқулихоннинг ўғли Раҳимқулихон Хива хонлиги тахтига ўтирди. Оллоқулихон вафот этган вақтда у Ҳазораспда ҳоким эди. Укаси Муҳаммадамин иноқ отаси Оллоқулихон вафот этгач, унга нома юбориб, тезликда етиб келишини сўрайди. Воқеадан хабар топган Раҳимқули сешанба куни пешинда Хивага етиб келади. Муҳаммадамин иноқ барча шаҳзода ва бекзодаларни, аркони давлатни тўплаб, мажлисга Раҳимқули тўрани чақириб, ундан хоразмшоҳлик тахтини қабул қилишини сўрайди. Янги хон тахтга ўтқизилгач, вафот этган хон – Оллоқулихонни ўз вақтида Паҳлавон Маҳмуд мақбарасида тайёрланган жойга дафн этадилар.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, XVI аср ўрталарида Хива хонлари Полвон ота (Паҳлавон Маҳмуд) мақбараси атрофида пайдо бўлган қабристонни ўзлари учун «абадият уйи» қилиб танлашган. 1842 йилда Оллоқулихон вафот этгач, шу жойга дафн қилинади, шу билан мақбара ичида кейинги қабрлар учун жой ҳам қолмайди. “Хоразм қўнғирот иноқлари шажараси” китобида ёзилишича, Раҳимқулихондан бошлаб кейинги хонлар ва уларнинг яқинлари учун шаҳарнинг шарқий томонидаги Чодирли эшон қабристонидан жой танланади.
1873 йил (бундан 151 йил олдин) – шарқшунос олим Александр Кун Россия жуғрофий жамиятида маъруза қилиб, Мунис ва Огаҳийнинг хроникалари ҳақида маълумот берди. Ўша йили Россия империяси томонидан Хива хони саройининг талон-торожида иштирок этган Александр Кун (асли келиб чиқиши олмоний, Ўрта Осиёда ўзини Искандар тўра номи билан таништиришни хуш кўрган шарқшунос) 300 жилд қўлёзма китоблар орасида Мунис ва Огаҳий китобларини ҳам олган эди. У зудлик билан “Туркестанские ведомости” газетасида шу ҳақда ахборот бериб, Мунис асарининг охирги боби мазмуни ва Огаҳий асарлари ҳақида маълумот ҳам берган.
1922 йил (бундан 102 йил олдин) – Бухоро Халқ Совет Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Порсо Хўжа (Порсо Хўжа Ҳасан Хўжа ўғли) тарафидан махсус декрет чиқарилиб, унда Бухорода 1000, 2500, 5000 сўмлик қийматдаги янги қоғоз пуллар чиқарилиши белгиланди. Янги пулларнинг 1 сўми 1922 йил апрелигача чиққан пулларнинг 10 мингига тенглиги қайд этилди.
1924 йил (бундан 100 йил олдин) – Файзулла Хўжаев раислигидаги инқилобий қўмита Ўзбекистон ССРнинг ташкил топганини эълон қилди ҳамда ушбу кунни республиканинг ташкил этилган санаси сифатида байрам қилишни белгилади. Тарихчи Ойбек Рашидовнинг ёзишича, Инқилобий қўмита ташаббуси билан Тошкентда 5 декабрь тантанасини ўтказиш бўйича махсус комиссия тузилиб, тадбирни ўтказиш режаси ишлаб чиқилган.
Бироқ шу нарсани таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ССРнинг ташкил этилган санаси адабиётларда турлича талқин қилинади. 1924 йилдан 1964 йилгача, яъни 40 йил давомида Ўзбекистон ССР 1924 йил 5 декабрда, 1964 йилдан бошлаб 1990 йилларгача 1924 йил 27 октябрда, мустақиллик йилларида эса 1925 йил 17 февралда “Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг ташкил топиши тўғрисида Декларация” қабул қилингач ташкил этилгани қайд этиб келинмоқда.
1977 йил (бундан 47 йил олдин) – Наманган вилояти Косонсой тумани Гўрмирон кишлоғи археологик ёдгорлигидаги қазишма жараёнида топилган 76х46 см ўлчамдаги оч кўнғир рангдаги қайроқтошдан ясалган қабртош Наманган вилоят ўлкашунослик музейига топширилди. Мазкур қабртош ҳозирда музейнинг археология бўлимида сақланади. Ундаги битикнинг ёзилиши (ўйилиши, хати, безатилиши) юксак малака билан амалга оширилган. Матн юқори ва қуйи томонлари нафис хурмо баргларини эслатувчи исломий нақшли тўрт бурчак жадвал (картуш) ичига олинган.
2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Чорвоқ» туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг Франция маданият маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий ҳадли Битимни (Тошкент, 2022 йил 29 март) ратификация қилиш ҳақида”, “Измир Шартномасини (Измир, 1996 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида” қонунлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади