“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Сергели банк хизматлари марказида “Аксилкоррупция ойлиги” доирасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишлаб “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Тадбирда банк тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг натижалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Коррупциянинг жамиятдаги соғлом қадриятларга, жамоадаги ишчанлик муҳитига ва банкнинг мижозлар олдидаги имижига салбий таъсири ҳақида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, банкнинг “Комплаенс назорат” хизмати масъул ходимлари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди.
Қайд этилдики, банкда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, шартномавий муносабатлар ва харидларда шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада мутасадди давлат органлари билан фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда.
– Банк тизимида коррупцияга қарши менежмент тизимининг жорий этилгани банк фаолиятида хатарлар хавфини камайтиради, манфаатдор томонлар (акциядорлар, ҳамкорлар, мижозлар, инвесторлар, қолаверса, жамоатчилик) олдида ошкоралик ва ишончлиликни таъминлайди, ташкилот ва манфаатдор томонларни коррупциянинг салбий оқибатларидан ҳимоялайди, муассасанинг ушбу йўналишда амалдаги қонунларга мувофиқ ишлаётганини намоён этади, – дейди “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Коррупцияга қарши курашиш махсус бошқармаси бошлиғи Актам Тошқулов. – Хусусан, ҳозирда 2 минг 733 нафар ходим Ҳуқуқни мухофаза қилиш академияси платформасида ўқитилмоқда. Бундан ташқари, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ташкил этилган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув семинарларида барча ходимлар иштирок этди.
Банк тизимида амалга оширилган самарали чора-тадбирлар натижасида Бош банк, Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Яккасарой БХО ISО 37001:2016 халқаро сертификатига эга бўлди. Шунингдек, юқори лавозимдаги 23 нафар ходим “CERT akademy”да коррупцияга қарши курашиш соҳасида махсус ўқув курсида ўқитилди. Уларга ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши менежмент тизими халқаро сертификати берилди. Бундан ташқари, “Комплаенс назорат” департаментининг 18 нафар ходимида ҳам ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши менежмент тизими халқаро сертификатлари мавжуд
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъуллари томонидан ҳамкорликдаги ишларга бағишланган тақдимот намойиш этилиб, унда Бизнесни ривожлантириш банки тизимида коррупцияга қарши курашиш сиёсати, Одоб-аҳлоқ кодекси, Манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисида низом, Алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида регламент, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти каби ички меъёрий ҳужжатлар пухта ишлаб чиқилгани алоҳида таъкидланди.
Тадбир савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА