Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги “Анҳор-Локомотив” боғи ҳудудида “Асал байрами” ва асаларичилик маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда республикамизнинг барча вилоятлари ҳамда қўшни давлатлардан асаларичилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари иштирок этмоқда. Айтиш керакки, бу йилги “Асал байрами”га фуқароларимизда қизиқиш ҳар қачонгиданда юқори. Чунки, асаларичилар томонидан кўплаб янги маҳсулотлар тақдим этилган.
Ярмарка доирасида республикамиз ҳудудларида етиштирилган асал ва асалари маҳсулотлари, соҳа учун зарур ускуналар, асалари уялари намойиш қилиниб, аҳолига сифатли ва арзон асал савдоси ташкил қилинди.
Шу ернинг ўзида малакали мутахассислар томонидан маҳорат сабоқлари ва илғор тажрибалар алмашиш жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Республика ва хорижий давлатларда асаларичилик соҳасида қўлланилаётган замонавий технологиялар, ускуналар ҳамда ветеринария воситалари кўргазмаси ташкил этилди.
“Асал байрами”да фаол иштирок этаётган асаларичилар ўртасида 13 йўналиш бўйича танлов ўтказилади ҳамда ғолиблар якунида тақдирланади. Маълумот учун айтиш керакки, республикамизда парвариш қилинаётган асалари оилалари сони 1 миллион 400 мингтага, 2024 йилда асал етиштириш ҳажми эса 35 минг тоннага етди.
“Асал байрами” ва унинг доирасида ўтказиладиган семинарлар 10 декабрга қадар давом этади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QDO78G_MEto" title="“Asal bayrami”ga qiziqish yuqori" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА