2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Бу бежиз эмас. Чунки бугун турли экологик муаммолар, атмосфера ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлим ўзгариши каби ҳолатлар юз бериб, бу ўз навбатида, инсон саломатлиги ва ҳаётимизга таъсир кўрсатмоқда.
Сўнгги пайтларда атмосфера ҳавоси ифлосланиши, айниқса, пойтахтимизда бу муаммонинг авж олиб бораётгани кенг муҳокамаларга, жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлмоқда. Атмосферанинг ифлосланишига турли омиллар сабаб бўлаётганини кўриб, гувоҳи бўлаяпмиз. Ана шундай омиллардан бири қурилишлар экани сир эмас. Яъни, қурилиш майдонларининг кенгайиб бораётгани натижасида яшил ҳудудлар қисқармоқда, атроф-муҳит ифлосланиши юзага келмоқда.
Эндиликда бу каби ҳолатларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Гап шундаки, экологик вазиятни яхшилаш, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, қурилиш ташкилотларининг масъулиятини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Айни кунларда ушбу лойиҳа Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун қурилиш ташкилотлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини белгилаш таклиф этилмоқда.
Ушбу ҳаракатни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида, ҳуқуқбузарлик жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима белгилаш таклиф этилмоқда.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари қонун лойиҳасидаги нормаларни муҳокама қилиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таклиф этилаётган нормалар қурилиш ташкилотларининг масъулиятини, жавобгарлигини оширишга хизмат қилиб, атроф-муҳитга зарарли таъсирларни камайтиради.
М.Комилова,
ЎзА