
“Ўзмиллийбанк” АЖ тизимида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган “Аксилкоррупция ойлиги” ни ташкил этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда режали семинар ҳамда тадбирлар ўтказилмоқда.
Банкнинг Фарғона вилояти Бош бошқармасида бўлиб ўтган давра суҳбатида ходимларга коррупция, унинг оқибатлари, келиб чиқиш сабаблари ва келтириши муқаррар зарарлари, шунингдек, мазкур иллатга қарши мавжуд қонуний асослар тўғрисида сўз юритилди.
"Ўзмиллийбанк" АЖ Фарғона вилояти Бош бошқармаси ва ҳудудий БХМларда Коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимларга қабул қилинаётган номзодлар, шунингдек, ротация қилинаётган ходимлар коррупцияни олдини олиш борасида ҳамда манфаатлар тўқнашуви ва банк одоб қоидалари йўналишида қабул қилинган ҳужжатлар билан мунтазам равишда таништириб борилмоқда. Тадбирда банк тизимида коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш борасида фикр алмашилди.
[gallery-20662]
–Ҳар қандай қонун бузилиш ҳолатларини олдини олишда, энг аввало, бу борада амалда бўлган ҳуқуқий асослардан хабардор бўлиш талаб этилади, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Фарғона вилояти Бош бошқармаси ходими Каримжон Бегматов. – Шу боис ходимларимизни режа асосида мазкур мавзу юзасидан билим ҳамда малакаларини мунтазам равишда ошириб бормоқдамиз. Шунингдек, ходимлар ва мижозлар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида тизимда рақамлаштириш жараёни янада такомиллашиб бораётганини таъкидлаш зарур. Энг асосийси, банк соҳасида фаолият юритаётган ҳамкасбларимизда касб этикаси, унга садоқат ҳиссини уйғотиш борасида кўникмалар шакллантирилмоқда.
Давра суҳбатида “Ҳалоллик вакцинаси” ҳақида ҳам сўз бориб, жамиятда коррупция жиноятини олдини олишда ҳар бир фуқаро масъул эканлиги таъкидланди. Бинобарин, огоҳлик бугуннинг муҳим талаби. Янги Ўзбекистонни эса ана шундай иллатлардан холи авлод барпо этади. Бу жараёнда эса “Ўзмиллийбанк” АЖ ходимлари муносиб ва фаол иштирок этади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати