“Ғишткўприк” чегара божхона постидан 40 бош саъва қушларини олиб ўтаётган шахс ушланди. Бу юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.
Маълум бўлишича, қўшни мамлакатдан юртимизга кириб келаётган фуқаронинг хатти-ҳаракатлари шубҳа уйғотади ва ўтказилган шахсий кўрик натижасида, ҳуқуқбузар кийимига оғзаки сўровда айтилмаган ҳамда декларация қилинмаган 40 бош саъва қушини яшириб ўтаётганлиги аниқланган.
Экология вазирлиги давлат инспекторлари воқеа жойига етиб бориб ҳолатни ўрганишганида, фуқаро ёнида саъва қушларини олиб кириш бўйича ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлган. Қушлар эса ҳуқуқбузар иштирокида она табиатга қўйиб юборилган.
Ҳозирда иш юзасидан тўпланган барча ҳужжатлар суд органларига жўнатилган.
Маълумот учун, чумчуқсимонлар туркумига мансуб, ранг-баранг патли сайроқи қуш — саъва Европа, Осиё ва Шимолий Африкада тарқалган бўлиб, асосан ўрмон, тўқай ва боғларда яшайди. Бу қушларни шунингдек, Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида учратиш мумкин. Кўпи билан 4—6 та тухум қўяди. Саъвалар ўз уясини дарахт шохларига илдиз толалари, от қили ва ўсимлик толалари, жун ва патларидан қуради.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/TC5eGbWCjqw?si=Zd2wG224rmQYjabb" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
М.Эшмирзаева, У.Тўхтаев, А.Содиқов, ЎзА