
Мустаҳкам ва замонавий, муҳими аҳоли учун “оғирлик қилмайдиган” нархда уй-жой барпо этиш ҳар қандай ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири бўлса, ажаб эмас. Шу маънода қурилиш соҳасидаги муаммолар турли мамлакатларда ўзига хос хусусиятга эга эканлиги табиий.
Иқтисодиётни кучайтириш, инфратузилмани ривожлантириш йўлида муҳим босқичларни босиб ўтаётган Ўзбекистонимиз бугунги кунда айни жараён билан боғлиқ қатор муаммоларни ҳам бошидан кечираётгани сир эмас.
Ҳозир қурилиш сектори дунё бўйлаб турли омиллар туфайли қуйидаги муайян қийинчиликларга дуч келмоқда:
– Молиявий ресурс етишмаслиги. Жуда кўп, айниқса ривожланаётган мамлакатларда лойиҳалар учун зарур маблағ топиш мушкуллашган.
– Технология янгиликларидан фойдаланишдаги оқсоқлик. Эндиликда қурилиш жараёни замонавий технологиялар қўлланишини тақозо этмоқда. Афсуски, эски услублардан кечиш қийин кечяпти.
– Меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш зарурати. Қурилиш меъёри ва қонунларни такомиллаштириш кечикяпти. Натижада лойиҳа амалга оширилиши муддати чўзиляпти.
– Ижтимоий муаммо. Ижтимоий барқарорлик ва жараёнда аҳоли иштирокини таъминлашга эътибор етарли даражада эмас. Табиийки, бу пировард натижага салбий таъсир қилади.
– “Осмон ўпар” нарх. Хусусий тадбиркор ёки халқаро инвесторга қулай имконият йўқлиги ёки аҳолига турар-жой масаласида енгиллик етарли эмаслиги туфайли нарх-наво мунтазам равишда кўтарилмоқда.
Муаммолар халқаро тажриба асосида таҳлил қилинганда, ечимга комплекс ёндашув зарурлиги аёнлашади. Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатларда молия манбаларини кенгайтириш, сифат назоратини кучайтириш, соҳага замонавий технологияни жорий этиш орқали мавжуд муаммоларни аста-секин бартараф этиш мумкин. Шунингдек, ижтимоий барқарорликни сақлаш ва экология масаласини назардан четда қолдирмаслик ҳам муҳим. Фақат шундай ёндашув билангина сифатли инфратузилма яратишга эришилади.
ЎзА мухбири мавзуни чуқурроқ таҳлил қилиш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Азиз Худойназаров ва вазирлик ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти етакчи мутахассиси Муҳриддин Собировга мурожаат қилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xe6H2rADALA" title="Qurilishdagi muammolarga xorijiy va mahalliy yondashuv" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Мусулмон Зиё, Аброр Содиқов (видео), ЎзА