Саҳна сеҳри соҳиби
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Теша Мўминов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган “Саҳна сеҳри соҳиби” деб номланган анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда қаҳрамонимизнинг оила аъзолари, яқинлари, дўстлари, Ўзбекистон Миллий академик драма театри ижодкорлари ҳамда юртимизда фаолият олиб бораётган бир қатор театр актёр ва актрисалари, шоирлар ва журналистлар иштирок этди.
Теша Мўминов 1949 йил Кўҳна Бухорода ҳунарманд оиласида дунёга келди. Бўлғуси актёрнинг отаси Ҳусан ака эл корига ярайдиган уста эди. Онаси Пўлатой ая эса дўппи тикар эди. Шу камтарин меҳнати билан турмуш ўртоғига рўзғор тебратишда ёрдам берарди. Оддий уста ва дўппидўзнинг фарзанди шундай юксак мартабаларга эришди.
Теша Мўминов Тошкент театр ва рассомлик институтини тамомлагач, Ҳамза номидаги академик театр - ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида актёр сифатида фаолият бошлайди.
Теша Мўминов томонидан театр ва кинода яратилган кўплаб образлар ҳаётийлиги, ўзига хос талқини билан мухлислар қалбидан мустаҳкам ўрин олган.
Анжуманда санъаткор театр саҳналарида, кинофильмларда яратган образлари, таниқли театр ва кино актёрлари билан ижодий ҳамкорлиги, ўзи яратган роллар ва устозлари ҳақида гапириб берди.
Ижодий учрашув иштирокчилари севимли санъаткорларидан замонавий театрнинг келажаги, унинг севган образлари ҳақида, актёрлик касбининг қийинчиликлари ва санъатга келиши билан боғлиқ бўлган ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.
Шунингдек, Теша Мўминов ёрқин ролларни эсга олди, спектакллардан монологлар ўқиб берди ва тадбир иштирокчиларига ўзларини театр томошабинлари каби ҳис қилиш имкониятини берди.
Учрашув қатнашчилари санъаткорнинг ҳар бир гапини олқишлар билан кутиб олишди ва унга умрбоқий образлар учун миннатдорлик изҳор этдилар.
Н.Усмонова,
ЎзА