Тошкент вилояти «Иссиқлик манбаи ИЧБ» ДУК томонидан олиб борилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилди.
Тошкент вилоятида жами 5 минг 33 та кўп квартирали уй бор. Шундан 3 минг 523 таси марказлашган ва индивидуал (икки контурли) иссиқлик тизими таъминотидан фойдаланади, қолган 1 минг 510 таси альтернатив усулдаги иситиш тизимидан фойдаланиб келмоқда. Вилоятда жами 50 та қозонхонада 251 километрлик иссиқлик тармоқлари мавжуд.
2024–2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкент вилояти «Иссиқлик манбаи ИЧБ» ДУК ўз маблағлари ҳисобидан жами 19 та қозон, 38,9 километрлик иссиқлик тармоқларида жорий таъмирлаш шилари амалга оширган. Шунингдек, 3 млрд 889 млн. сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 6 та қозон, 7,8 км иссиқлик қувурлари мукаммал таъмирланган.
Бундан ташқари, 2023-2024 йиллар давомида Тошкент вилоятидаги ички иссиқлик тизимлари носоз бўлган кўп квартирали уйларни ички иссиқлик тизимларини тиклаш бўйича республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 449 та уйларни ички тизимларини янгилаш ишлари амалга оширилган. Натижада, 110 та уйларнинг 4 минг 929 та хонадонларида яшовчи қарийб 30 йилдан бери иситиш тизими ва иссиқ сув таъминотида қийналиб келаётган 15 мингдан зиёд аҳоли биринчи марта иссиқлик таъминотига уланиб, муаммоларига ечим топилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/v-BpYhEbhIo" title="Toshkent viloyatida 30 yildan beri isitish tizimi boʻlmagan 15 mingdan ziyod aholining muammolari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
– Узоқ йиллардан буён шу маҳаллада оиламиз билан яшаймиз, — дейди Чирчиқ шаҳридаги «Лола» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муборак Абдураҳимова. – Маҳалламизда 23 та кўп қаватли уйлар бор. Мазкур кўп қаватли уйларда 30 йилдан бери иситиш тизими ва иссиқ сув таъминоти бўлмаган. Ўша вақтлар қишнинг қировли кунларида иситиш тизими бўлмаганлиги туфайли жуда қийналардик. Кўп қаватли уйларни иситиш қийин масала эди. Бу тўғрисида ёзмаган давлат идораси, ташкилоти қолмади. Додимизни кимга айтишимизни билмас эдик. Давлатимиз раҳбари Чирчиқ шаҳрига ташрифида аҳоли билан мулоқот қилди. Муаммоларимизни тинглади. Бугун барча муаммоларимизга ечим топилди. Иситиш тизими ва иссиқ сув таъминотидан муаммо йўқ. Энг муҳими уйларимиз иссиқ. Маҳалладошларимизнинг 30 йиллик орзуси ушалганида бу қувончни ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Биргина Чирчиқ шаҳрининг ўзида 245 та уйларнинг ички иссиқлик тизимларини қайта тиклаш ва 4 та янги қозонхоналар қуриш ва мавжуд қозонхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилган.
Президентимизнинг 2021 йил 20 майдаги тегишли қарорига асосан Жаҳон Банкининг 19 млн. доллар маблағлари ҳисобидан Тошкент вилоятининг 9 та шаҳар ва туманларидаги 7 та қозонхонани қуриш ва таъмирлаш, 28 та янги қозон ўрнатиш, 86,6 км иссиқлик тармоқларини тортиш, 21 та насос ускуналарини ўрнатиш, 18 та янги турдаги ақлли ҳисоблагич ўрнатиш ишларини амалга оширилиши белгиланган. Бугунги кунда мазкур ишларни амалга ошириш учун буюртмачи ташкилот Тошкент вилояти «Ягона буюртмачи хизмати» ДУК томонидан жами 55 та объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун 17 та пудрат ташкилотлари танлаб олиниб, 47 та объектларда ишлар тўлиқ якунланган ҳолда топширишга қабул қилиш далолатномалари расмийлаштирилган. Эътиборлиси, мазкур қозонхоналар газ ва электр энергиясини аввалгиларига қараганда 5 баробар тежайди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА