Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳудудида жойлашган “Мингтепа” археология ёдгорлиги тарихий манбалар ҳамда археолог-олимларнинг маълумотларига кўра, қадимда юксак даражада тараққий этган Довон (аксарият манбаларда Даван деб келтирилади) номи билан машҳур давлатнинг пойтахти Эрши шаҳрининг харобалари деб тахмин қилинади.
Ҳозирда Мингтепа ёдгорлиги ички ва ташқи шаҳар қисмларидан иборат бўлиб, ички қисм 41,2 гектар, ташқи шаҳар қисми эса 320 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган.
Манбаларда ёзилишича, “Мингтепа” қадимда, милоднинг V асрларида Фарғона водийси ҳудудида аҳоли зич яшаган Довон давлатининг маркази, яъни бош шаҳри бўлган. Унинг тарихи ҳақидаги илк маълумотлар Хитой манбаларида учрайди. “Буюк ипак йўли”да жойлашган бу маҳобатли шаҳар ривожланган ҳунармандчилиги, деҳқончилиги ҳамда “самовий тулпорлари” билан машҳур бўлган.
Довон давлатига ташриф буюрган Хитой элчиси Чжан Цяннинг ўз императори У-Дига ёзган ҳисоботларида Довоннинг қишлоқ ва шаҳарлари обод, суғорма деҳқончилик ҳамда ҳунармандчилик хўжаликлари юксак даражада ривожланганлиги, кучли қўшинга эга мамлакат эканлигини таърифлайди. Аҳолиси хушмуомала, меҳмондўст, кўнгли очиқ эканлиги, халқи қишлоқ хўжалиги экинларидан арпа, буғдой, шоли, беда экиб, улардан юқори ҳосил олишини ёзади. Қолаверса, элчи Довоннинг тинч ва осойишта мамлакат экани, аҳолиси бой, турмуши фаровон, табиати гўзал, айниқса, элчи воҳанинг бақувват, баланд бўйли ҳамда кучли дулдул отлари ҳақида алоҳида тўхталганлиги тарихчилар томонидан қайд этилади.
Археологларнинг эътироф этишича, “Мингтепа” ёдгорлиги иншоотига оид осори-атиқалар Фарғона водийсидаги бошқа бирор бир антик давр ёдгорлигида учрамайди.
“Мингтепа” ёдгорлигини ўрганиш, илмий тадқиқ этиш ишлари ўтган асрнинг 40-50 йилларидан бошланган. Ўтган йиллар давомида “Мингтепа” харобалари ўрнида археолог-олимлар қазишма ишларини олиб борган, кўплаб қадимий осори-атиқалар топилган. Айниқса, тарих фанлари доктори, профессор Боқижон Матбобоев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий Фанлар академияси Археология институти археолог олимлари ҳамкорлигида олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида қадимий пойтахт шаҳар харобаларидан қимматли манбалар, моддий ашёлар топилган.
Топилган ашёлар, тўпланган манбалардан келиб чиқиб, 2 минг йилдан зиёд вақт аввал “Мингтепа” Фарғона водийсидаги энг йирик, ривожланган қаср-шаҳар бўлганлиги, қатор тарихий манбаларда таъкидланганидек, Довон давлати пойтахти Эрши, кейинчалик Мингтепа деб қайта номланган шаҳар эканлиги ва унинг жойлашган ўрни ҳақида маълумот ва илмий хулосалар эълон қилинди.
Ёдгорлик ҳудудидан топилган осори-атиқалар, қурилиш иншоотлари қолдиқлари, кулолчилик идишлари, ҳайвон суяклари ва тошдан ясалган ёрғучоқлар, хум идишлар, палахмонлар, сополдан тайёрланган қувурлар Мингтепанинг ҳақиқатан ҳам қадимда ривожланган шаҳар бўлганини тасдиқлайди.
– Ҳозирда “Мингтепа”нинг ички мудофаа девори ҳамда миноралари сақланиб қолган, – дейди “Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, тадқиқотчи-тарихчи Шахло Хусанова. – Мудофаа деворининг шимол ва жануб томонларида 12 тадан 24 та, шарқ ва ғарб томонларида 20 тадан 40 та, жами 64 та кузатув ҳамда қўриқлов миноралари бўлган. Ҳозирга қадар 52 та мудофаа деворларидаги миноралар сақланган. Мудофаа деворининг умумий узунлиги 2 минг 600 метр, ташқи девор бундан ҳам узун бўлган. Демак, ўз даврида Мингтепа икки қатор мудофаа иншооти билан ўраб олинган мустаҳкам қалъа-шаҳар бўлган. Бундай мустаҳкам мудофаа иншооти Фарғона водийсидаги антик даврга тегишли бошқа бирорта ёдгорликда аниқланмаган.
Олимларнинг таъкидлашича, сопол идишларга тирнаб безак бериш водийда эрамиз бошларида юксак даражага етган. Мингтепада ана шундай тасвирлар туширилган сопол парчалари топилган. Бирида жангчи ва қуш, иккинчисида эса от тасвири туширилган. Мазкур нафис тасвирлар аждодларимизнинг юксак дид ва маҳоратидан дарак беради. Энг муҳими, шаҳарнинг ички ва ташқи деворлари жуда мураккаб ҳамда ҳар қандай ҳужумга дош берадиган қилиб қурилган. Аммо ташқи шаҳар ва уни деворлари бугунгача сақланмаган. Ички шаҳар майдони ҳам деярли бузилиб, экин экиш учун ўзлаштирилиб юборилган.
– Ҳудудда олиб борилган қазишма ишларида узунлиги 30 метрча, эни 140-170 сантиметр бўлган тошйўлак аниқланган, – дейди “Антик дунё” халқаро илмий академияси доценти, журналист ва ёзувчи Обиджон Маҳмудов. – Майда тош тўшалган бундай йўл “Мингтепа” ёдгорлигининг жанубида ҳам топилган. Шунингдек, қазишмаларда йирик ҳажмдаги кўплаб идиш парчалари, хумлар қазиб олинди. Археологларнинг фикрларига кўра, бу топилмалар тери ишлаш (кўнчилик) ёки тўқимачилик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки мутахассислар текширганларида хумлар остки қисми ер остига ковлаб бир текис қилиб ўрнатилган ва атрофи махсус лой - қир (тупроқ, кул ва оҳак аралашмаси) билан ўралган (гидроизоляция қилинган). Мазкур топилмалар эҳтимол Хитой манбалари тилга олган узум шарбати ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, хитойлик тарихчилар манбаларида Фарғона водийсида узум ва узум шарбати (май) етиштириш ривожланганлиги қайд этилади.
Халқ орасида Мингтепа, Лўмбитепа, Жингиртепа деб номланувчи тепаликлар борки, уларни ўрганиш, тадқиқот ишларини олиб бориш бугунги кунда археолог олимлар олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
[gallery-20455]
“Мингтепа” ёдгорлиги, уни ўрганиш, тадқиқ этиш бўйича турли даврларда Н. Я. Бичурин, М. Е. Массон, Ю. А. Заднепровский, В. М. Массон, А. Н. Бернштам, Б.Х. Матбобоев, Б. М. Абдуллаев, А. Хўжаев, А. Эгамбердиев сингари шарқшунос ва археолог олимлар, ёзувчиларнинг хулосалари эълон қилинган, китоблари чоп этилган.
“Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, тарихчи-тадқиқотчи Шахло Хусанова томонидан тайёрланиб, чоп этилган “Мингтепа” китобида юқоридаги олимларнинг илмий хулосалари ва китоблари ҳақида тўлақонли маълумотлар жамланган. Бундан ташқари, журналист, ёзувчи ва тадқиқотчи Обиджон Маҳмуд Довонийнинг “Кўҳна ва боқий Мингтепа. Қадим Фарғона тарихидан” номли китобидан ҳам “Мингтепа” ҳақида жуда кўп маълумотлар ўрин олган.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари