Президентимизнинг 2022 йил 14 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фуқароларнинг ахборотни эркин излаш ва олишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга қаратилган.
Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, уларнинг очиқлик борасидаги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда фаолиятини илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Фармон билан тасдиқланган ҳужжатларда Коррупцияга қарши курашишда жамоат кенгашлари тузиш ва унинг имкониятларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган.
Фармон ижроси доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур кенгаш аъзолари ҳар икки йилда янгиланиб борилади. Яқинда ўз фаолиятини якунлаган кенгаш аъзолари ўтган икки йил давомида изчил ишларни амалга оширди.
– Коррупцияга қарши курашиш ишларига кўмаклашиш, жамиятда очиқликни таъминлаш йўлга қўйилишида фаол иштирок этдик, – деди “Менинг юртим” телеканали журналисти Юлдузхон Олимова. – Хусусан, олий ўқув юртларига қабул жараёнларини бевосита кузатдик. Қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда иштирок этдик. Энг муҳими, жамоатчилик кенгаш аъзолари билдирган таклифлар қонунчиликда акс этиб борди. Идора ва ташкилотларда, жойларда коррупцияга қарши курашиш бўйича тузилган жамоатчилик кенгашлари фаолияти ҳам ўрганилди. Уларда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишга кўмаклашилди.
Шу кунларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг янгиланган таркиби ўз фаолиятини бошлади.
Кенгаш таркибига бу сафар жамоат ташкилотлари, хусусан, оммавий ахборот воситалари ходимлари, бизнес вакиллари кўпроқ жалб қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА