Пойтахтимизда бир гуруҳ ҳамюртларимиз “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирга турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ва диний конфессия вакиллари, миллий маданий марказлар фаоллари, юртимизда миллатлараро дўстлик ва диний бағрикенглик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев мамлакатимизда бўлиб ўтаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” жамиятимиздаги тинчлик, дўстлик, ҳамжиҳатлик муҳитининг яна бир амалий ифодаси эканини таъкидлаб, «Диний бағрикенглик» кўкрак нишонини ўз эгаларига топширди.
–Мамлакатимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” жуда баланд руҳда бўлиб ўтмоқда, – деди Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари Азамат Тошев. – Тинчлик, ҳамжиҳатликни асраш, миллий тотувлик, конфессиялараро бағрикенглик йўналишида самарали меҳнат қилаётган юртдошларимиз меҳнатининг бундай эътироф этилиши улар учун ўзига хос рағбатдир.
[gallery-20378]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, ушбу кўкрак-нишони билан диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва маънавий муҳит барқарорлигини сақлашдаги ибратли ишлари учун етук уламолар, атоқли арбоблар, диний соҳа раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий олимлар тақдирланиши белгиланган.
Бу йил ҳам мамлакатимизда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг катта гуруҳи ана шу кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида олимлар, жамоат арбоблари, ҳуқуқшунослар, турли диний ташкилотлар, миллий маданий марказлар вакиллари бор.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги, дин ва миллатлараро тотувлик таъминланаётгани, мазкур кўкрак нишонининг таъсис этилгани миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги аҳилликни таъминлаш, тинчликни кўз қорачиғидек асраш йўлидаги юксак эътиборнинг яққол намунаси эканини таъкидлади.
–Давлатимиз раҳбари томонидан БМТ минбаридан туриб қатор илғор ташаббусларнинг илгари сурилиши натижасида “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюцияси қабул қилинди, – деди “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони соҳиби, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов. – БМТ тарихида ҳали бундай резолюция қабул қилинмаган эди. Айни дамда ҳали бирор бир давлат раҳбари томонидан бунчалик кўп эзгу ташаббуслар ўртага ташланмаган. Шу асосда ўндан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган тинчликпарвар, инсонпарвар, бағрикенглик сиёсатининг амалий намунасидир.
Тадбирда мукофотланганлар бундай юксак эътибор уларни янада кўпроқ самарали фаолият кўрсатишга даъват этишини қайд этди.
Н.Усмонова,
А.Мамадаминов (сурат),
ЎзА