Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) бош директори ўринбосари ва яшил ўсишни режалаштириш ҳамда амалга ошириш бўлими бошлиғи Ҳелена Маклеод билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонларнинг ўзаро амалга ошираётган лойиҳалари жорий ҳолати муҳокама қилинди. Жумладан, “Ўзбекистон томонидан Париж битимини амалга оширишга кўмаклашиш ва 6-моддага мувофиқ Корея Республикаси билан ҳамкорликдаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳа доирасида ҳукуматга иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва барқарор иқтисодий ривожланиш учун зарур шарт-шароитларни яратишда кўмаклашиш мақсад қилинган. Хусусан, “яшил” инвестицияларни жалб қилиш, иқлимга мослашувчан қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, стратегик экологик баҳолаш, яшил молиялаштириш ҳамда карбон бозорларини ривожлантириш каби йўналишларда ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган.
Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, учрашув якунида томонлар 6,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант ажратишни назарда тутувчи “яшил” иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги доирали келишувни имзолаган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА