Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳинур Имомова маълум қилди.
Бугун, АОКАда «Мамлакатимизда маданий меросни ҳимоя қилиш, оммалаштириш йўналишидаги ишлар» мавзусида брифинг бўлиб ўтди. Унда Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳинур Имомова мавзу юзасидан маълумот берди:
— 2024 йилнинг 9 ойи давомида мамлакатимиз музейларига жами 3 млн 4 минг 549 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрди.
Музейлар ҳамда музей ашёлари ва тўпламлари тарғиботини янада кучайтириш мақсадида Берлин (Германия), Боку (Озарбайжон), Флоренсия, Венеция (Италия) шаҳарларида Ўзбекистон музей ашёларининг кўргазма намойишлари бўлиб ўтди.
Музейларга маҳаллий ва хорижий сайёҳларни кенг жалб қилиш мақсадида 27 та музейда совғалар ва сувенир дўкони, ҳунармандлар устахонаси ва савдо шохобчалари, онлайн дўконлар, рассомлар, санъаткорлар ва фольклор жамоалари, ҳунармандлар ҳамда фотосессия учун махсус ҳудудлар ташкил этилди.
Музейларга инклюзив шарт-шароитлар яратиш мақсадида 53 та музейда пандус йўлакчаси, 9 та музейда кўтарилиш воситаси (лифт) ўрнатилди ва 35 га яқин музейларда аудиогидлар ташкил этилди.
Хориждаги кутубхона, музей, фонд ёки бошқа илмий-маданий муассасаларда сақланаётган мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид 308 та маданий бойликнинг илмий тавсифи тайёрланди. Хорижда сақланаётган алломаларимиз меросига оид қўлёзмалардан 15 та электрон нусхалар олинди.
Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳаси бўйича 2024 йилда жами 144 та объектда реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган эди, йилнинг ўтган даври мобайнида агентлик томонидан реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича жами 64 та лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди, шундан 42 та лойиҳа-смета ҳужжатлари шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасидан ўтказилди.
2024 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, республика ҳудудида жами ҳисобда 8 366 та (7836 та давлат мулки, 530 та хусусий мулк) маданий мерос объекти Вазирлар Маҳкамасининг 846-сонли қарорига асосан миллий рўйхатга киритилиб, ушбу рўйхат қайта шакллантирилди.
Ўзбекистон Осиё маданий меросини сақлаш альянсига аъзо бўлди.
Шунингдек, жорий йилнинг 12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот маркази Уставига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Мамлакатимиз ушбу халқаро тадқиқот марказига 138-давлат бўлиб қўшилди", — дейди Моҳинур Имомова.
Ш.Маматуропова, ЎзА