Президентимиз ташаббуси билан жорий қилинган “Яшил макон” лойиҳаси нафақат кўкаламзорлаштириш ишларини янги босқичга чиқарди, балки юртимиз боғларида сархил ноз-неъматлар етиштириш имкониятини кенгайтирмоқда. Фарғона тумани қир-адир ҳудудидаги Миндонобод қишлоғида жойлашган 33-умумтаълим мактабида шундай манзарага гувоҳ бўлдик.
- Бундан уч йил олдин “Яшил макон” лойиҳаси доирасида мактабимиз ҳудудидаги 70 сотих майдонда интенсив олма боғи ташкил қилдик, - дейди мактаб директори Маҳбуба Мансурова. - Боғдорчилик соҳаси мутахассислари билан маслаҳатлашиб, иқлимимиз ва еримизга мос келадиган 1250 туп олма кўчатларини пайванд усулида ўтказдик. Боғбонимиз Абдусоли аканинг миришкорлиги туфайли, мана, бугун умид билан эккан олма кўчатларимиз биз кутганимиздан ҳам зиёд миқдорда, 5 тоннадан ортиқ ҳосил берди. 3 сотихли иссиқхонамиздаги 30 тупга яқин лимоннинг серҳосиллиги ҳам кўзимизни қувонтирмоқда.
[gallery-20368]
Мактаб раҳбарининг таъкидлашича, олма ва лимондан олинадиган даромад илғор ўқитувчилар ва аълочи ўқувчиларни рағбатлантиришга, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Бу жараён мазкур мактабда таълим сифати яхшиланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади, албатта.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА