Ватанимиз тарихидаги 14 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1851 йил (бундан 173 йил олдин) – Огаҳий мироблик лавозимидан истеъфога чиқди. Бу пайтда уни бод касаллиги қийнаётганди. Шу сабабли у мироблик вазифасини бажара олмас ҳамда ҳарбий юришларда ҳам қатнаша олмасди. Хива хони Муҳаммадаминхон (1846 – 1855) Огаҳийнинг арзига қулоқ тутади ва ўрнига унинг яқин қариндоши (амакизодаси) Муҳаммадкаримбекни тайинлайди. Тарихчи Ҳилола Назированинг қайд этишича, орадан тўрт йил ўтгач, Хива хони Абдуллахон (1855) билан бирга исёнчи ёвмудларга қарши жангда Муҳаммадкаримбек ҳалок бўлади. Унинг ўрнига келган тахт вориси Қутлуқмуродхон (1855–1856) Огаҳийни касал бўлишига қарамай, яна миробликка тайинлайди.
Тарихчи Омонулла Муталовнинг маълумот беришича, Хива хонлиги бошқарув таркибида қадимдан мироб деган махсус унвон жорий этилган. Хива хонлигида умумий қурилиш ишлари, ариқ қазиш ишлари устидан, умуман молия-солиқ бошқармасининг уч раҳбари мутасаддилик қилишига қарамай, сув ишларига қарайдиган махсус мироблик бошқармаси ҳам бор эди. Агар Ўрта Осиё шароитида суғориш ишларининг хўжалик аҳамияти жуда катта экани назарга олинса, бу тармоққа бошчилик қилувчи мансабдор шахснинг нақадар аҳамиятли ва мартабали экани ўз-ўзидан равшан бўлиб қолади.
Миробларнинг ўриндор оқсоқоллар сафидан жой олиши бежиз эмас. Улар аъёнлар сингари хонларнинг расмий саломларида қатнашиб келганлар. Миробларнинг хизмат мансаблари юқори бўлгани натижасида улар баъзи бир муҳим юмушларни ҳам бажарганлар ҳамда ўзларининг асосий расмий вазифаларига дахли бўлмаган ҳолда, бошқа мансабдорлар сингари мироблар ҳам хон томонидан топширилган айрим вазифаларни бажариб келганлар. Чунончи, Мунис ва ундан кейин Огаҳий мироблар орасида бўлган. Маълумки, улар сарой тарихчилари ҳисобланганлар.
Мироблар ўз мансаблари билан фахрланганлар ва касбларини эъзозлаганлар. Мироблар вазифасига каналлар қазиш, уларни доимо таъмирлаб ва тозалаб туриш ишларини бошқариш, йилнинг қайси фаслида қаерга қанча сув керак бўлиши, шунингдек ўз даврида “телба” дарё деб ном олган Жайхун, яъни Амударё ўзанини тез-тез ўзгартириб, талафот ва зиёнлар келтириб турган дарё табиатини ўрганиб халқ хўжалигига бўйсундириш кабилар кирган.
1915 йил (бундан 109 йил олдин) – Абдулла Қодирий қаламига мансуб тўрт пардали «Бахтсиз куёв» драмаси Тошкентдаги Колизей театрида илк бор саҳнага қўйилди. Асарда ўша даврда ва ҳозирги кунда ҳам халқимиз орасида ҳукм суриб келаётган баъзи бидъат расм-русумлар, урф-одатлар, жумладан никоҳ тўйларимизда олинадиган ўринсиз катта қалинлар, исрофгарчиликлар ва бундан келиб чикадиган кўнгилсиз оқибатлар ибратли йўсинда танқид қилинган.
1930 йил (бундан 94 йил олдин) – Улуғбек номидаги Китоб Халқаро Кенглик Станциясида мунтазам кузатув ишлари бошланди. Станцияда само жисмларини кузатиш натижасида кенглик ўзгаришларини ўрганишдан ташқари ўзгарувчан юлдузлар, кометалар ва метеорларни кузатиш устида ҳам кенг миқёсда иш олиб борилади.
1989 йил (бундан 35 йил олдин) – СССР Олий Совети томонидан «Мажбуран кўчирилган халқларга қарши қатағон ҳаракатларини ноқонуний ва жиноий деб топиш ҳамда уларнинг ҳак-ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисида»ги Декларация қабул килинди. Мазкур декларация қатағон қилинган халқларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш йўлида биринчи қадам бўлди.
2012 йил (бундан 12 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Фермерлари кенгашинииг таъсис конференцияси бўлиб ўтди.
2018 йил (бундан 6 йил олдин) – Тошкент шаҳридаги Халқаро савдо марказида экологик сиёсий партия тузиш бўйича ташаббускорлар мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда экологик сиёсий партиянинг таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, унинг аъзолар таркибини шакллантириш ҳамда таъсис съездини чақириш вазифаларини амалга оширувчи ташкилий қўмитани тузиш, шунингдек, ташкилий қўмитанинг таркиби, раҳбари, жойлашган манзили ва таъсис съездини чақириш муддати масалалари муҳокама қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА