Фарғона шаҳридаги ҳайвонот боғида тоғ ҳайвонлари сақланадиган бўлим анча кенг жойни эгаллаган. Шер, айиқ, тўнғиз каби ҳайвонлар махсус қафасларда сақланади. Шунингдек, боғда тоғ қўйи, тоғ эчкиси, Африка туяқуши, лама, махсус ҳовузларда ғозлар, ноёб балиқлар бор.
Ҳайвонот боғида жониворларнинг соғлом ўсиши учун барча шарт-шароит яратилган. Бу эса ўз навбатида, ноёб ва экзотик ҳайвонлар турини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳайвонот боғи 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг майдони 3,2 гектарга тенг. Бугунги кунда масканда турли ўлкалардан келтирилган 70 турдан ортиқ 700 бош ҳайвон ва турли хилдаги қушлар парвариш қилинади. Бу ерда жониворлар учун табиий бошпаналар қурилиб, яшаш учун шароит яратилган.
[gallery-20331]
Амур йўлбарси, қўнғир айиқ, лама, пони, Африка шери, Канада бўриси, кенгуру, денгиз чўчқачаси каби йўқолиб кетиши мумкин бўлган жониворларни учратиш мумкин. Сўнгги йилларда ҳайвонот боғида судралиб юрувчилар, маймунлар, ноёб турдаги жониворлар кўпайтирилди. Бундан ташқари, турли қушлар, динозавр скелети ушбу муассасага ташриф буюрган меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА